Бугун «Бунёдкор» клуби қароргоҳида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда клуб бош директори Муроджон Алиев жамоа аъзоларига янги бош мураббийни таништирди.

Клуб матбуот хизмати берган хабарга кўра, «Бунёдкор» бош мураббийи лавозимига Миржалол Қосимов тайинланди. Мураббийлар штабида Миржалол Қўшоқовичга Александр Волков ва Шуҳрат Мақсудов ёрдам беради.

«Футбол жамоатчилиги яхши биладики, Миржалол Қосимов ўзбек футболи тарихидаги энг яхши футболчилардан бири, ёшлар ўртасида европа ва жаҳон чемпиони, Ўзбекистон ва Россия чемпиони, бир неча бор кубок соҳиби, йилнинг энг яхши футболчиси ва бошқа совринлар эгаси. Миржалол Қўшоқович аввал ҳам «Бунёдкор» ФКда фаолият юритгани кўпчиликка яхши маълум. У «Бунёдкор» бош мураббийи сифатида бунгача 191та учрашув ўтказиб, бу борада рекордчи ҳисобланади. Унинг қўл остида «Бунёдкор» бир неча бор мамлакат чемпиони ва кубоги соҳиби бўлган. Икки бор Осиё Чемпионлар лигаси ярим финалига етиб борган.

Йиғилишда жамоа аъзоларига «Бунёдкор»нинг аввалги мавқеини тиклаш ҳамда Осиё Чемпионлар лигасининг келаси мавсумига йўлланма олиш вазифаси юклатилди.

«Бунёдкор» ФКнинг янги мураббийлар штабига ёрқин ғалабалар ва улкан муваффақиятлар тилаймиз», дейилган хабарда.

Эслатиб ўтамиз, бир муддат муқаддам «Бунёдкор» раҳбариятида ўзгариш бўлган, клуб бош директори лавозимида ишлаб келган Бахтиёр Бобоев ўрнига Мурод Алиев тайинланганди. Бугун эса жамоа бош мураббийи Сергей Лушчан истеъфога чиқарилди.