Кексайиш муаммолари миллий институти Нейробиология лабараторияси раҳбари Марк Мэтсоннинг TEDx-маърузаси кўпчиликда қизиқиш уйғотди. У шунингдек Жон Хопкинс университетининг нейробилогия бўлими профессори ҳамдир. Бундан ташқари, Мэтсон Паркинсон ва Альцгеймер каби касалликларнинг нейродегенератив бузилишлари асосида ётувчи ҳужайра ва молекуляр механизмлар соҳасидаги энг етакчи тадқиқотчилардан бири ҳисобланади. 

Марк ва унинг жамоаси ҳафтада икки марта очлик эълон қилиш Паркинсон ва Альцгеймер касалликларининг ривожланиш хавфини сезиларли пасайтириши ҳақида бир неча мақола чоп этишди. MedNew шу ҳақида маълумот берди. 

"Маълумки, парҳездаги ўзгаришлар муайян маънода мия фаолиятига таъсир кўрсатади. Эпилептик хуружлардан азият чекувчи болаларда калориялар чекланганда ёки оч қолган ҳолатларда хуружлар сезиларли даражада камайган.

Очлик эпилептикларда кўп учровчи қўзғатувчи сигналларга қаршилик қилувчи ҳимоя механизмларининг ишга тушишига туртки беради.

Соғлом мия, "меъёрдан ташқари тўйганда" қўзишнинг назорат қилиб бўлмайдиган, мия фаолиятини бузувчи бошқа турини ҳис қилиши мумкин, - дея маълум қилади Мэтсон ва унинг ҳамкасби.

Истеъмол қилинувчи калорияларни чеклаш билан боғлиқ тадқиқотларга қарайдиган бўлсак, умуман олганда, уларнинг аксарияти парҳез умрни узайтириши ва сурункали касалликлар билан курашиш хусусиятини оширишини кўрсатади. 

"Тирик мавжудотларнинг кўплаб турларида, шу жумладан каламушлар, сичқонлар, балиқлар, пашшалар ва чувалчангларда калорияларни чеклаш ҳаёт давомийлигини узайтиради ва ёш билан боғлиқ сурункали касалликларни секинлаштиради. Бунинг қандай механизмларга асосланиши тушунарсиз".

Юқорида келтирилган сўзлар - ўн йил олдинги илмий изланишлар натижаси. Биз сўз очган иш эса, аввал фанга тушунарсиз бўлган баъзи механизмларга таъриф беради.

Очлик мия учун фойдали ва буни организм оч қолганда, мияда рўй берувчи барча фойдали нейрокимёвий ўзгаришлардан кўриш мумкин.

Шунингдек, у миянинг ақлий салоҳиятини ҳам яхшилайди, нейротрофик омилларни кўпайтиради, стрессларга қарши чидамлиликни оширади ва шамоллашни камайтиради. 

Очлик мияга эълон қилинган ўзига хос чақириқ бўлиб, мия унга мослашиш билан жавоб қайтаради ва бу мияга стресс ҳамда касалликлар хавфини енгишга ёрдам беради. 

Очлик пайтида мияда содир бўлувчи ўзгаришлар мунтазам жисмоний машқлар натижасида юзага келадиган ўзгаришларга ўхшайди. Икки ўзгариш тури ҳам бош мияда оқсил ишлаб чиқаришни оширади. Бу эса, ўз ўрнида, нейронлар ва улар ўртасидаги алоқалар ҳамда синапслар мустаҳкамлиги ўсишига олиб келади. 

"Мияга "юк" тушиши, у хоҳ вақти-вақти билан очлик эълон қилиш бўлсин, хоҳ жисмоний машқлар - "ақлий юклар" ҳисобланади. Бундай пайтларда асаб схемалари фаоллашади, нейротрофик омиллар даражаси ошади".

Клиник тадқиқотлар кимёвий муолажаларни ўтаётган беморлар иштирокида ўтказилган. Беморлар узоқ вақт давомида овқатланишмаган, бу уларнинг қонидаги оқ ҳужайралар даражасини сезиларли равишда пасайтирган.

Маълум бўлишича, очлик иммун тизимининг эски ва зиён етган ҳужайраларини ўлдирар экан. Шундан сўнг тана улардан халос бўлиб, илдиз ҳужайралар ёрдамида янги, буткул соғлом ҳужайраларни ишлаб чиқаради. 

Очликка ўтишдан аввал бунга тайёр эканингизга ишонч ҳосил қилишингиз ва бу ҳақида етарлича маълумотга эга бўлишингиз керак".