Газли ва ширин ичимликлар учун нарх-навонинг мунтазам туширилиши инсониятга таҳдид қилаётган энг катта хавфлардан бири ҳисобланади, деб таъкидламоқдалар олимлар Preventing Chronic Disease журналида чоп этилган мақолада.

"Биз ўрганган барча давлатларда бугунги кунда одамлар 1990 йилда сотиб олиш мумкин бўлган пулга 71 фоиз кўпроқ газли ичимлик сотиб олишлари мумкинлиги аниқланди. Ривожланаётган давлатларда аҳвол янада аянчлироқ – у ерда бу кўрсаткич 89 фоизни ташкил қилади. Бундан газли ичимликлар 2 мартага арзонлашиб кетганини айтиш мумкин", деб сўзламоқда Атлантадаги Саратонни ўрганиш Америка жамияти ходими Жеффри Дроуп.

Охирги йилларда шифокорлар ва парҳезшунослар газли ва ширин ичимликлар инсониятга қандай зарар етказиши мумкинлигидан жиддий хавотирланмоқдалар. Икки йил аввал АҚШ тадқиқотчилари ширин ичимликларни ҳаддан кўп истеъмол қилиш ҳар йили 184 минг кишининг ўлимига олиб келишини аниқлагандилар. Бундай ҳолатлардан аксарияти Лотин Америкаси давлатлари ва АҚШга тўғри келади.

Ўтган йили Бостон университети олимлари таъкидлаганларидек, бундай ичимликларни ишлаб чиқарувчи йирик компаниялар АҚШнинг 100 та соғлиққни сақлаш ташкилотида ўз манфаатларини илгари суриш учун катта маблағлар сарфлайдилар, бу эса газли ичимликларга юқори нарх белгилашга ва унинг ишлаб чиқарилишини камайтиришга тўсқинлик қилади.

Дроуп ва унинг ҳамкасблари охирги 30 йил ичида 40 та ривожланган давлат ва 42 та унча ривожланмаган давлатда газли ичимликларга эга бўлиш билан боғлиқ вазият қандай ўзгарганини аниқлашга уриндилар. Улар бу мақсадда газли ичимликлар ва оддий қадоқланган сувнинг 1990 йилдаги ва ҳозирги вақтдаги нархларини таққослашган. 

Аниқланишича, бу икки ичимликнинг нархлари ҳосил бўлишидаги тенденция бир-бирига мутлақ қарама-қарши кечган. Барча давлатларда газли ичимликларга нарх тушган, сувга эса ошган ёки аввалгидек қолган. Натижада оддий ичимлик суви газли ичимликдан қимматроққа айланган.

"Албатта, нархларнинг тушишида иқтисодий тараққиёт ва глобаллашув ҳам ўз сўзини айтган, бироқ бу ҳолатнинг мавжудлиги сиёсатчилар ва амалдорлар ширин ичимликларга нархларни тартибга солишда ҳеч қандай чоралар кўришмагани ва бунга ҳаракат ҳам қилишмаганини кўрсатади. Бизнинг фикримизча, газли ичимликларга паст нархлар унинг истеъмолини муқаррар оширади ҳамда семизлик ва қанд касаллиги глобал эпидемиясига қарши курашга халақит қилади", деб айтдилар олимлар.