Самарқандда мигрантлар масаласига якуний ечим топилди. Бу шаҳарда Россияда ишлаш истагида бўлганлар учун Россиянинг илк маркази очилиш арафасида турибди. Бу ғояни Россиянинг Ленинград областидаги «Родина» партияси етакчиси Шинкаренко илгари сурмоқда. У барчасини 47news.ru’га ўзи ҳикоя қилиб берган. 

Шу йилнинг кузидаёқ Ўзбекистондан Россиянинг Ленинград области ва Санкт-Петербург шаҳрига ишлашга борганларни ёппасига қонунийлаштиришлари мумкин. Бу ҳақда май байрамлари арафасида Санкт-Петербург ҳукумати делегацияси ўзбек ҳукумати вакиллари билан учрашувдаги суҳбат асносида айтиб ўтган. 

Расмий маросимлар Ўзбекистоннинг катталиги бўйича иккинчи шаҳри — Самарқандда бўлиб ўтган. «Родина» партияси учрашувларда қатнашган, Ленинград областидаги етакчиси Валерий Шинкаренконинг 47news’га сўзлашича, Ўзбекистон ҳукумати Самарқандда илк миграция маркази ташкил этишга рози бўлган. Марказ шу йилнинг кузидаёқ ишга тушиши мумкин — Санкт-Петербург ва Ленинград областига ишлаш учун йўл олган мигрантлар ўз ватанида барча зарур ҳужжатлар тўпламига эга бўлиб, сўнгра йўлга чиқишади. Шу йўл билан икки мамлакат амалдорлари ноқонуний миграция йўлига тўғаноқ бўлишмоқчи.

Шинкаренко бу борада мухбирнинг саволларига ҳам жавоб бериб ўтган.

- Келинг, энг оддийсидан бошлайлик. Самарқандда миграция маркази нега керак?

- Айни пайтда Санкт-Петербург ва Ленинград областидаги меҳнат мигрантларининг 70 фоизи ўзбекистонлик. Фақат расмий маълумотларга таянадиган бўлсак, биргина Петербург шаҳрида уларнинг сони 143 минг нафар. Бироқ диаспоранинг маълумотларига кўра, аслида уларнинг сони 300 мингдан 500 минггача бўлиши мумкин. Яъни, Петербург шаҳри ва унинг атрофида кўзимизга тушган ўзбекларнинг камида ҳам уч нафаридан иккиси ноқонуний мигрант ҳисобланади. Оқибатларини эса ўзингиз кўриб турибсиз.

- Сиз эҳтимолли террорчиларни назарда тутаяпсизми?

- Биринчи навбатда, ҳа, лекин фақат унигина эмас. Бошқа кўплаб муаммолар ҳам бор. Масалан, гепатит, сил, ОИТВ юқтирган мигранатлар масаласи. Улар ҳозир Россияга келганидан сўнг тиббий кўрикдан ўтишлари керак. Бироқ бу ерга келгач, улар тиббий комиссияга боришмайди, дарҳол оломон ичига сингиб кетишади. Бундан ташқари, ноқонуний мигрантлар азалдан уюшган жиноятчилик ва радикал эктремистик ташкилотлар учун энг маъқул муҳит. Уларнинг ўзи эса юридик жиҳатдан ҳимояланмаган ва осонгина фирибгарларнинг қурбонига айланишади. Иш берувчилар ва текширувчиларнинг бошбошдоқлигини ҳам ҳеч ким бекор қилмаган.

- Миграция маркази тузилиши билан нимадир ўзгарадими?

- Жуда кўп нарса ўзгаради. Унда бўлажак мигрантларга рус тили, Россия қонунчилиги ва маданий анъаналари асослари ўргатилади. Шу ерда уларда юқумли ва руҳий касалликлари бор-йўқлиги борасида дастлабки текширувдан ўтишади. Наркотик моддаларга ружу қўйгани, ҳуқуқ-тартибот органларида рўйхатда бор-йўқлиги, ўзи даъво қилган касб бўйича малакаси синовдан ўтказилиб, тўлақонли тиббий суғурта, шунингдек, ойлик маоши тушириб бериладиган ваколатли маҳаллий ва Россия банкларининг пластик карталари тақдим этилади. Мухтасар қилиб айтганда, Россияда ишлаш учун патент олишда зарур бўладиган тўлиқ ҳужжатлар тўплами тузилади. Шундан сўнг ташкил этилган гуруҳлар Пулково аэропортига учиб келишади, уларни миграцион марказ ходимлари кутиб олишади ва уларни вақтинчалик тақсимот пунктларига жойлаштиришади. У ерда уларга патент тақдим этилади ва иш берувчиларга тақсимланади ҳамда улар олдиндан тайёрлаб қўйилган турар жойларда истиқомат қилишади. Хуллас, ҳаммаси назорат остида бўлади. 

- Худди эртакдагидек. Хўш, Ўзбекистон ҳукуматининг манфаати нимада?

- Биринчидан, мигрант учун ўз ватанида жойлашган марказда тайёрланадиган ҳужжатлар тўплами бир баробар арзон бўлади. Масалан, Петербургда турли воситачиларнинг хизмати ҳисобга олинган ҳолда 40 минг рубль тўласа, ватанида 20 минг рублга ҳаммасини ҳал қилади. Бундан ташқари, у олдиндан тайёрлаб қўйилган ишга келишига кафолат олади, дарҳол ишга киришади ва уйига пул жўната бошлайди. Ўзбекистон ҳукуматига келсак, улар биринчи навбатда мигрантлар томонидан жўнатилаётган пуллар тўсиқсиз мамлакат иқтисодиётига келиб тушишидан манфаатдор. Ҳозир мигрантларнинг ҳар иккитасидан бири россиялик иш берувчи ёки фирибгар томонидан алданмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларига экстремистларнинг таъсири бўлмаслигидан манфаатдор.

- Буларнинг барчаси ниманинг ёки кимнинг ҳисобидан?

- Ташвишланманг, Питер шаҳри ва Ленинград области бюджети бир копейка ҳам сарфлашмайди. Ўзбекистон ҳукумати ер майдони ва бино тақдим этишни ваъда қилган. Биз уни таъмирлаб, керакли жиҳозлар билан таъминлашни ўз зиммамизга олганмиз. Албатта, ходимлар ҳам биз томондан бўлади. Буларнинг барчасигина бюджетдан ташқари маблағлардан инвестиция киритилади. Келажакда марказ жуда рентабелли бўлади — биз ундан бир кунда минг киши (кунига 20 млн. рубль) ўтишини режалаштирмоқдамиз. Бошқа молиявий бонуслар ҳам бор. Масалан, ҳозир ўзбек мигрантлари сонининг 1–2 фоизини ташкил этувчи қоидабузарлар Россиядан депортация қилинаётганда, бу Россия томонининг ҳисобига амалга оширилади. Марказ очилгач, Ўзбекистон ҳукумати бу функцияни ҳам ўз зиммасига олиб, Россия бюджетини қўшимча юкламадан халос қилишга ваъда берган.

- Ўзбекистон фуқароларининг Россияга ишлаш учун миграцион марказни айланиб ўтиб келиш имконияти ҳам қолаверадими?

- Ҳа, мамлакатларимизда визасиз режим амалда. Россияда кўп йил ишлаган ва рус тилини яхши билувчи ўзбеклар бемалол ўзлари келиб кетаверишлари мумкин. Лекин бундайлар кўп эмас-да. Мигрантларнинг асосий массаси ҳақида гапирилса — гап фойдада. Марказ орқали, ҳам арзон, ҳам тез, ҳам хавфсиз тушади.

- Бошқа яна шундай марказларга мисол борми?

- Албатта. Бу ҳам Ўзбекистоннинг ўзида. Ахир бу мамлакатдан ишчилар фақат бизга келишмади. Жанубий Корея, Японияга ҳам ишлашга боришади. Бу мамлакатлар аллақачон ўз миграция марказларини очиб, энг малакали кадрларни танлаб олишмоқда. Бизга келаётган ўзбек мигрантларининг 60 фоизи ёрдамчи ишчилар. Биз марказ очилганидан сўнг бу рақам малакали кадрларнинг ҳисобига ўзгаришидан умид қилмоқдамиз.

- Охирги савол — қандай натижаларни кўзлаяпсизлар ва истиқболлар қандай?

- 90-йилларда юз берган демографик таназзул туфайли Россияда ишчи қўлларнинг етишмаслиги бундан буёғига тобора яққол намоён бўлаверади. Экспертларнинг фикрича, мамлакатда меҳнат ресурсларининг тақчиллиги яқин йиллар ичида 10 миллион кишига етади. Бироқ биз — Россия Федерацияси фуқароларида бу даражадаги назорат қилиб бўлмас улкан миграция оқими олдида ҳимояланмаганлик ҳисси пайдо бўлиши турган гап.

Самарқандда очилажак илк марказ ёрдамида мамлакатдаги иккинчи марказни Андижон шаҳрида очишни мўлжалламоқдамиз. Биз Ўзбекистондан келадиган қонуний мигрантлар сонини йилига 200–250 мингга етказмоқчимиз. Яъни, ноқонуний сегментдан бутунлай воз кечмоқчимиз. Истиқболда Тожикистон ва Қирғизистон ҳукуматлари билан ҳам шундай битим тузиш режалаштирилган. Чунки бу мамлакатлар бизга ишлашга келаётган мамлакатлар ичида иккинчи ва учинчи ўринда туришади.