Тадбир АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан молиялаштириладиган МОҲЭМ (Марказий Осиё ҳудудий экологик маркази)нинг “МА сув, таълим ва ҳамкорлик” лойиҳаси доирасида ташкил этилган.

2017 йил 2-4 май кунлари Тошкент ирригация ва мелиорация институтида (ТИМИ) сув хўжалиги экспертлари ҳамда Марказий Осий ва Афғонистоннинг соҳага оид олий ўқув юртлари илмий-педагогик таркиби иштирокида алмашинув тур ўтказилди.

Турни ўтказишдан кўзланган мақсад – Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Афғонистон олийгоҳлари ўртасида педагогик ҳамда илмий-методик масалалар юзасидан ҳамкорлик ўрнатиш имкониятларини ўрганиш, шунингдек, сув хўжалиги соҳасининг замонавий талабларига мувофиқ равишда малака ошириш бўйича ТИМИ тажрибасини ўрганиш.

ТИМИ ректори, профессор Муҳаммадхон Ҳамидов:

“Бугунги глобаллашув шароитида сув муаммосини тўғри ҳал этиш нафақат бизнинг, янги реаллик шароитида яшаётган минтақамиз – Марказий Осиё, балки бутун сайёрамизнинг барқарор тараққиётини белгиловчи энг муҳим омиллардан бирига айланиб улгурди. Институтнинг сув муаммолари бўйича турли дастурлар доирасида олиб бораётган халқаро ҳамкорлик фаолиятларининг ижобий натижаларига асосланиб минтақадаги ҳамкорларимиз билан бирга ТИМИ қошида сув дипломатияси соҳасидаги таълим ва тадқиқотлар бўйича доимий фаолият кўрсатувчи факультет ташкил этиш масаласини кўриб чиқиш вақти келди, деб ҳисоблаймиз”.

Тур дастурида сув ресурсларини бошқариш муаммоларни ўрганишга кўп томонлама ёндошув кўзда тутилган ва у ҳам амалий, ҳам назарий қисмларни ўз ичига олган. 

Меҳмонлар ўқув аудиториялари ҳамда лабораториялар биноларида бўлишди, ўқув жараёни ҳамда профессор-педагогларнинг сувни самарали назорат қилиш масалалари бўйича магистрантлар ҳамда докторантлар иштирокидаги илмий-тадқиқот ишларининг бориши билан танишишди. ТИМИнинг талабалари, магистр ҳамда докторантлари билан учрашув бўлиб ўтди, меҳмонлар сувдан оқилона фойдаланиш билан боғлиқ илмий фаолият ҳамда инновацион лойиҳалар билан танишишди. Маркетинг, илмий-тадқиқот сектори, сув хўжалиги ходимларининг малакасини ошириш бўлимларида ҳам бўлишди.

3 май куни алмашиш тури қатнашчилари ўз билимларини амалиётда мустаҳкамлаш мақсадида Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманидаги гидротехник қурилмани кўриб келишди. Бу ерда Тошкент ирригация ва мелиорация институти (ТИМИ) талабалари учун намойиш дарслари бўлиб ўтди. Юқоричирчиқ гидроқурилмаси автоматик бошқариш тизимига эга бўлиб, сув ресурсларини бошқаришда ишлатиладиган замонавий компьютер технологияларидан самарали фойдаланишнинг ёрқин мисолидир. Бундан ташқари, Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон делегациялари сувни иқтисод қилувчи суғориш тизимига эга фермер хўжаликларини кўздан кечиришди. 

Меваларни интенсив боғларда катта ишлаб чиқариш ҳажмида етиштириш жуда самарали эканлиги ва бу усул атроф-муҳитга минимал зарар етказиши тасдиқланди. Бу усул томчилаб суғориш орқали амалга оширилади ва ернинг намлигини инобатга олган ҳолда сувдан оқилона фойдаланишга имкон беради. Барча тадбиқ қилинаётган замонавий технологиялар ҳосил унумдорлигини оширади ва экологик балансни сақлаб қолади. 

4 май куни тур иштирокчиларининг асосий 3 та йўналиш — ўқув-методик, илмий, сўв хўжалиги ходимларининг малакасини ошириш бўйича баҳс-мунозаралар ташкил этилди. Тур якунларига кўра “СТҲ” лойиҳаси доирасида сув хўжалиги мутахассисларини тайёрловчи таълим муассасалари ўртасида ҳудудий ҳамкорлик ўрнатиш имкониятлари муҳокама қилинади ва тақдимотлар ўтказилди.