Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси 1993 йил 20 сентябрдаги йиғилишида 15 май “Халқаро оила куни” деб таъсис этган. Халқаро оила кунини нишонлаш ҳамда “Халқ билан мулоқат ва инсон манфаатлари” йили муносабати билан “Соғлом аёл – соғлом авлод” шиори остида ҳаваскорлар ўртасида веломарафон ўтказилмоқда. 

Мусобақа ташкилотчилари Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси бўлиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик фонди (УНФПА) билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда. Веломарафон Тошкент шаҳрининг марказий кўчалари, аниқроғи Тараққиёт кўчасининг Хоразм кўчаси билан кесишмасидан бошланиб – Амир Темур хиёбонининг айланаси бўйлаб – Истиқбол кўчасининг Хоразм кўчаси кесишмасидаги кўчаларда бўлиб ўтади. 

Мусобақа бошланиши ва жойи: Амир Темур хиёбонининг Симпозиумлар саройи ён тарафида жойлашган Тараққиёт кўчасидан бошланади. 

Иштирок этувчилар аввал рўйхатдан ўтадилар. Мусобақа иштирок этиш шартлари: Тошкент шаҳридаги туман ҳокимликлари ва Тошкент вилояти ҳокимликлари томонидан 800 га яқин иштирокчилар таъминланади. Қолган иштирокчилар эса фақатгина ўз велосипедлари билан иштирок этишлари мумкин.

Рўйхатдан ўтиш: 13 май куни соат 7:00дан – 9:00гача давом этади. Рўйхатдан ўтган ҳар бир иштирокчига рақамлар берилади. 

Ғолиблар 3 ёш гуруҳга бўлиниб, ҳар бир гуруҳда биринчи, иккинчи ва учинчи ўрин соҳиблари тақдирланади.