Душанба куни эрта билан дорихонага кириб келган киши пештахталарни бироз кузатиб турди-да, сотувчидан бир жуфт резина қўлқоп беришни сўради. Пулини тўлаб, қўлқопларни қўлига олгач, у ёқ-бу ёғига назар ташлади ва сертификати бор-йўқлигини сўради. Сотувчи бу ҳақда билмаслигини айтиб, дорихона мудирини чақириб чиқди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Дорихона мудири нима гаплигини сўрагач, сертификатни беролмаслигини маълум қилган эди, зумда харидорнинг авзойи ўзгарди. Мудирга савдо қоидаларини бузаётганлиги ҳақида дашном берди. Кейин эса шу сабабли дорихона фаолиятини текшириши лозимлиги ҳақида жиддий оҳангда гап бошлаб, келаси сафар келганида тегишли ҳужжатларни ҳам кўрсатишини маълум қилди ва ўзининг телефони рақамини ёзиб берди. Дорихона мудирининг эса нима қилишни билмай, боши қотди.

Дарҳақиқат, у сўзининг устидан чиқиб, эртаси куни дорихонага кириб келди. Мудирни чақириб, салом-алик қилгач, салобат билан кеча бирровга кириб кетганини эслатди. Сўнгра ўзини прокуратура ҳузуридаги департамент ходими Ғайбулла Саломов (исм-фамилиялар ўзгартирилган), дея таништириб, савдо қоидалари бузилганлигини айтиб, шу ҳолат юзасидан текшириш ўтказиш учун келганини таъкидлади.

Дорихона мудири кеча дабдурустдан кириб келгани учун шошиб қолганини айтиб, ундан узр сўради ва қўлқопнинг сертификатини кўрсатди.

Ғ.Саломов сертификатни қўлига олиб, у ёқ-бу ёғига қаради ва энсаси қотгандек, юзини буриштириб, “бу сертификат нотўғри”, дея қайтариб берди.

Мудир нимаси нотўғрилигини сўраганида тафтишчи буни юқори ташкилотдагилар ҳал қилишини айтди ва уларга телефон қилиб, текширишни бошлаш ҳақида рухсат сўрашини маълум қилди.

Бу гапдан мудирнинг ранги оқариб, шоша-пиша бу ишни ҳал қилишнинг бирор йўлини топиш ҳақида сўради.

Ғ.Саломов озгина “йўталса”, йўлини топса бўлишини шивирлаб айтар экан, битта бармоғини кўрсатди-да, кўкида минг берса, иш тўхташини шама қилди.

Унинг гапини эшитиб, энди дорихона мудирининг жаҳли чиқа бошлади. Нима учун минг доллар бериши кераклиги, текшириш ўтказиш учун асоси бор-йўқлигини сўради.

Бу гапларни эшитган Ғ.Саломов эса пинагини ҳам бузмади. Хотиржам оҳангда қизишмасликни маслаҳат берди. Сўнгра, қонунни бузган жавоб беришини таъкидлаш баробарида, ёнидан қандайдир гувоҳномани олиб очди-ю, шу заҳоти ёпди. Ходимларини юборишини, улар дорихонанинг ҳужжатларини элакдан ўтказгач эса қинғир ишлар фош бўлиши, энг оғир моддалар билан айб эълон қилинишини писанда қилди. Кейин ҳар қанча ялиниб келса ҳам, ёрдам беролмаслигини қўшиб қўйди.

Бу гапларни эшитган дорихона мудири аввалига бироз чўчиди. Гарчи ҳамма ишлари жойида бўлса-да, барибир, ортиқча оворагарчилик кимга керак?! У бироз ўйланиб туриб, рози бўлди. Улар хайрлашишгач, ўзининг ҳақ эканлигини ўйлаб, шунча пулни бекордан-бекорга бериб юбориш алам қилди. Шу боис вақтни ўтказмай бўлиб ўтган ҳолатни баён қилиб, тегишли идораларга ариза билан мурожаат қилишга қарор қилди...

Орадан икки кун ўтгач, улар келишилган жойда учрашишди. Дорихона мудири “тафтишчи”га 500 АҚШ долларини бериб, қолганини тезда тўғрилаб беришини ваъда қилди. Пулни олиб, чўнтагига тиққан “тафтишчи”нинг қувончи узоққа чўзилмади. Шу заҳоти олдиларига келган ходимлар ўзларини таништириб, холислар иштирокида уни қўлга олдилар. 500 АҚШ доллари ашёвий далил сифатида расмийлаштирилди.

Ғайбулла Саломов тергов жараёнида ўзини орган ходими, деб таништириб, дорихона мудиридан тамагирлик йўли билан пул ундирмоқчи бўлганлигига тўлиқ иқрор бўлди.

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди сохта “тафтишчи”га 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.