Косонлик Ғайбулла Бекназаров (исм-шарифлар ўзгартирилган) “Москва-Қарши” йўналишидаги парвозини якунлар экан, “Қарши” халқаро аэропортида божхоначилар томонидан унга тегишли юклар ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказилди. 

Кун.uz’га Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси ахборот хизматининг хабар беришича, ушбу жараёнда унга тегиши 2 дона қўл телефонлари хотирасида 141 дона порнографик мазмундаги аудио ва видео материаллар, 100 дан зиёд фотосуратлар борлиги аниқланди. Энг ачинарлиси аниқланган беҳаё материаллар ичида вояга етмаган болакайлар тасвирланган видеолавҳалар ҳам бор эди.

Шунингдек, айни шу рейс билан юртимизга кириб келган унинг тумандоши Озод Тўйчиевнинг ҳам юклари божхона назоратидан ўтказилганда, унинг қўл телефон хотирасидан мамлакатга олиб кирилиши тақиқланган ҳамда юқоридаги сингари вояга етмаган шахслар тасвирланган 79 дона порнографик мазмундаги видеолавҳалар борлиги аниқланди.

Ҳозирда мазкур қонунбузарлик ҳолатлари юзасидан ушбу фуқароларга нисбатан Жиноят кодексининг 130-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Рақамларга кўра, Қашқадарё вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг биринчи чорагида 28 та ҳолатда 1,7 мингдан ортиқ порнографик мазмундаги материалларнинг божхона чегаралари орқали мамлакатга олиб кирилишининг олди олинди. Ҳуқуқбузарликларни содир этган фуқароларга нисбатан 26 та маъмурий ҳамда 2 та жиноят ишлари юритилди.