Бокс бўйича собиқ жаҳон чемпиони, ҳозирда Киев шаҳри ҳокими лавозимини эгаллаб турган Виталий Кличко ўз укаси Владимир ва британиялик Энтони Жошуа ўртасидаги реванш жанги имконияти ҳақида фикрларини билдирди. 

«Владимирнинг Жошуа билан реванш жанги ўтказиладими? Бир нарсани айтмоқчиман: жангнинг ўзи – бу десерт, унинг ортида эса жуда катта меҳнат бор. Тасаввур қилинг, 25 йил давомида ҳар куни залга келасиз ва ўзингизни тайёрлаб борасиз, режимга амал қиласиз. Табиийки, киши бундан чарчайди. Бироқ Владимирда бунга хоҳиш бўлса, у ўзига айтади: "Мен жангга чиқаман, Жошуани мағлуб этиш учун барчасини қиламан, ҳамда бу ҳаётимдаги энг муҳим жанг бўлади”, - мен эса ўз укамни ҳар доим қўллаб-қувватлайман», - деган катта Кличко.

Киев шаҳри ҳокими сўзларига кўра, у Владимир рингга кўтарилиши ва Жошуа билан барча масалани ҳал қилишини истайди.

Эслатиб ўтамиз, Владимир Кличко ва Энтони Жошуа ўртасидаги жанг Лондонда 30 апрелга ўтар кечаси бўлиб ўтди ҳамда унда британиялик 11-раундда техник нокаут билан ғалаба қозонди. 27 ёшли англиялик оғир вазн тоифаси бўйича Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA), Халқаро бокс федерацияси (IBF) ва Халқаро бокс ташкилоти (IBO) йўналиши бўйича жаҳон чемпиони номини қўлга киритди. Жангдан сўнг ҳар икки боксчи реванш жанги бўлиши мумкинлигини истисно этмади.