Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти фахрийларини соғломлаштириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш масаласи ҳамиша давлат диққат марказида. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг тасдиқлаган режасига мувофиқ, 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да 5890 нафар 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийси бепул соғломлаштирилиши белгиланган эди. Ўтган давр мобайнида ушбу вазифа қай даражада амалга оширилаётганини билиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази бош шифокори Асқар Мўминовга мурожаат қилинди. Бу ҳақда Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати маълум қилмоқда. 

— Юртимизда уруш ва меҳнат фронти фахрийлари ўзлари учун мақбул муддатларда ҳар йили санаторий соғломлаштириш курсини бепул ўтиш ҳуқуқига эга. Бундай муассасалар мамлакатимизнинг деярли барча ҳудудларида мавжуд бўлиб, бу фахрийларимизга транспорт қатновида қулайликлар яратади.

Эътиборли жиҳати, уруш ва меҳнат фронти фахрийларини соғломлаштириш билан боғлиқ барча харажатлар учун маблағлар Давлат бюджети параметрларида кўзда тутилган. Шу боис фахрийларимиз йўлланмани сотиб олиш учун маблағ сарфламайдилар. Яъни ҳар бир фахрий Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан барча харажатлари қопланган бепул санаторий йўлланмаси билан таъминланади.

Вазирлар Маҳкамасининг тасдиқлаган режасига мувофиқ, 2017 йилда 5890 нафар 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари бепул соғломлаштирилиши белгиланган эди. Жорий йилнинг биринчи тўрт ойида 1213 нафар отахон-у онахонларимиз санаторийларда соғломлаштирилди”, деди Асқар Мўминов.