Суриянинг Ҳалаб провинцияси ҳукумати қочқинларнинг "Жибрин" лагеридан яқиндагина жангарилардан озод қилинган қишлоқларига қайтишлари бўйича кенг қамровли операцияни бошлаб юборди. Бу ҳақида провинция губернатори ўринбосари Ҳамид Кенно маълум қилди. 

Унинг сўзларига кўра, яқин вақт ичида Фрот дарёси бўйлаб жойлашган беш қишлоққа 12 минг кишини жойлаштириш режалаштирилмоқда. 

Сурия ҳукумати вакиллари бу аҳоли пунктларининг яшаш учун яроқлилигини текшириш мақсадида уларни кўздан кечириб чиқишди. 

Маълумотларга кўра, тез орада қишлоқлар яқинида террорчилар томонидан вайрон қилинган новвойхоналар ва тиббиёт пунктлари қайта тикланади.