Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «2017−2021 йилларда Хива шаҳри ва Хоразм вилояти сайёҳлик салоҳиятини комплекс ривожлантириш Дастури тўғрисида"ги қарорни имзолади. 

Ҳужжат Хива ҳамда Хоразм вилояти туристик салоҳиятини янада ривожлантириш ва ундан самарали фойдаланишни ошириш, сайёҳларнинг Хива шаҳри ноёб тарихий-маданий ва меъморчилик мероси билан янада кенг танишиши учун ижобий шароит яратишни максимал даражада таъминлаш, минтақа замонавий туристик инфратузилмасининг ривожланишини тезлаштириш ва тақдим этилаётган туристик, меҳмонхона ва транспорт хизматлари сифатини такомиллаштириш, ички сайёҳликни фаоллаштириш, туристик соҳа учун кадрлар тайёрлашни яхшилаш, шунингдек, янги иш ўринларини яратиш ва вилояти аҳолиси даромадининг ортишини рағбатлантириш мақсадида қабул қилинди.

Қарор билан «2017−2021 йилларда Хива шаҳри ва Хоразм вилояти сайёҳлик салоҳиятини комплекс ривожлантириш Дастури" тасдиқланди. Унда республиканинг асосий сайёҳлик марказларини боғловчи темир йўл тармоғини қуриш, хорижий мамлакатлардан чартер рейсларини йўлга қўйиш ҳамда мунтазам рейсларни кўпайтириш, Урганч-Хива йўналишида қулай сайёҳлик автобуслари қатновини ташкил этиш кабилар кўзда тутилган.

Ички туризмни ривожлантириш мақсадида Самарқанд-Урганч, Бухоро-Урганч ва Фарғона-Урганч авиарейсларини очиш ҳам мўлжалланган.

Бундан ташқари, 2017−2021 йилларда туристик хизматлар экспорти ҳажмини 2,3 баробарга, сайёҳлар сонни эса 2,1 баробаргача ошириш режалаштирилган.

Тегишли вазирлик ва идораларга ҳамда жойлардаги маҳаллий ҳокимият органларига “Ичан қалъа” мажмуаси ичи ва атрофида реставрация ишларини бажаришни назарда тутган Хивани батафсил лойиҳалаштириш дастурини ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.

Шунингдек, Хива шаҳри ва Хоразм вилоятига туристлар оқимини ошириш бўйича тегишли ташкилий-амалий чора-тадбирларни қабул қилиш, шу мақсадда Хива шаҳри брендини ишлаб чиқишни кўзда тутиш, 2017-2021 йилларда кенг реклама кампаниясини ташкил қилиш ва ўтказиш вазифаси ҳам юклатилди.