Франциялик сайловчи Женевьева Кальро 6 май куни 101 ёшга тўлди. Бироқ аёл ўзининг улуғвор ёшига қарамасдан, аёллар ҳуқуқлари учун 7 май, якшанба куни сайлов участкасига келиб, ҳаётида давомида кўрадиган 17-президент учун овоз бермоқчи, деб хабар берди RTL радиостанцияси.  

Кальро президент Раймон Пуанкаре (1913-1920) даврида туғилган. Аёл бутун умрини мамлакатнинг жануби-ғарбида жойлашган Сент-Олей коммунасидаги қишлоқда ўтказган. У ҳали ҳам боғ ва томорқасига ўзи қарайди..

Кальро биринчи маротаба 29 ёшида сайловда овоз берган. "Бу 1945 йилда аёлларга овоз бериш ҳуқуқи берилган биринчи сайлов бўлган. У вақтда мен эндигина қиз фарзандли бўлган эдим, бу менга сайловдан анча муҳимроқ эди. Ҳозир овоз бериш жуда осон. Бизлар учун эса сайловда иштирок этиш бир оламшумул воқеа эди", деб мухбирларга сўзлаб берди Кальро.  

Унинг айтишича, у бутун умр "курашган ва ўзини курашчи деб ҳисоблайди", айнан шу сабабдан ҳам сайловга овоз бериш учун бормоқчи. "Аёлларга овоз бериш ҳуқуқи берилди ва биз бундай имкониятни қўлдан чиқармаймиз", деб таъкидлаб ўтди момо. 

Франция президенти сайловларининг 2-босқичи 7 май, якшанба куни бўлиб ўтади. Сайловнинг биринчи босқичи 23 апрель куни бўлиб ўтган эди. Унинг натижаларига кўра, "Олға" ҳаракати етакчиси, собиқ иқтисодиёт вазири Эммануэль Макрон 24,01 фоиз овоз билан, "Миллий фронт" партияси номзоди Марин Ле Пен эса 21,3 фоиз овоз билан 2-босқичга чиққандилар.