Бокс бўйича Осиё чемпионати финал баҳсларининг 6 май кундузги босқичига белгиланган жанглар якунига етди. Сўнгги бўлиб рингга 75 кг вазн тоифасида Жаҳон чемпионати йўлланмаси учун кураш олиб борувчи 

Брама Ҳендра Бетаубун (Индонезия) – Азиз Очилов (Туркманистон)
Абдул Муин Азиз           (Сурия)         – Эумир Марсиал (Филиппин)
жуфтликлари чиқиб келишди. 

Биринчи жуфтликда туркманистонлик боксчи Очилов рақибидан ҳар жабҳада устунлигини намойиш қилди ва нокаут билан ғалаба қозонди. Абдул Муин Азиз           (Сурия) – Эумир Марсиал (Филиппин) жуфтлигида эса Марсиал қўли баланд келди. 

Ушбу вазн тоифасида финал жанги эса кореялик Донгюн Ли ҳамда ўзбекистонлик Исроил Мадримовлар ўртасида кечди. Исроил устунлигида бошланган баҳс рефери қарорига кўра, биринчи раунддаёқ тўхтатилди. Бунга Исроилнинг ярим финал баҳсида олган жароҳати очилиб кетгани сабаб бўлди. 

Шу сабабли бир ярим дақиқа давомидаги баллар ҳисобга олинди ва Исроил Ўзбекистон терма жамоасининг навбатдаги олтин медалини қўлга киритди. 

Эслатиб ўтамиз, бугун 6 май кечки жангларда яна бир ўзбекистонлик боксчи финал жангини ўтказади. 81 кг вазн тоифасидаги Бектемир Мелиқўзиев қозоғистонлик Йерик Алжанов билан куч синашади. 91 кг вазн тоифасида иштирок этган Санжар Турсунов эронлик Садар Ғуломий билан Жаҳон чемпионати йўлланмаси учун курашади.