АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама иштирокидаги Миландаги тадбирга чипталар нархи 850 еврони ташкил қилмоқда. Ушбу тадбир Милан озиқ-овқат ҳафталигида Global Food Innovation Summit номли майдонча ташаббуси билан 9 майда бўлиб ўтади.   

Бу нархдаги чипта Vip Platinum категориясига тегишли бўлиб, у нафақат Обаманинг маърузаларини тинглаш, балки 8-11 май кунлари ўтадиган ярмарка доирасида белгиланган барча тадбирларга ташриф буюриш ҳамда муҳим меҳмонлар учун мўлжалланган хоналарга кира олиш имкониятини беради. Тадбирга бир кунлик кундузги чиптанинг минимал нархи 50 еврони ташкил қилади. Бироқ бундай чипта Обамани бевосита кўриш имкониятини бермайди. 

Италиянинг Il Corriere della Sera газетасининг маълум қилишича, Обаманинг Миландаги маърузаси унинг президентлик лавозимидан кетгандан кейинги хориждаги биринчи оммавий чиқиши бўлади. Обама чипталар сотилишидан тушган пулларни ўзи томондан ташкил этилган фуқаролик жамғармасининг молиялаштирилишига йўналтирмоқчи. Маъруза ўтадиган жой 3,5 минг ўринга мўлжалланган. Нашрнинг таъкидлашича, Обама маърузасига барча чипталар деярли сотиб бўлинган.

Миландан кейин Обама бир неча кун Тосканада рафиқаси билан ҳордиқ чиқаради.

Аввалроқ Милан мэри Жузеппе Сала Италиянинг "шимолий пойтахти"да Обамага шаҳарнинг рамзий калитлари топширилишини айтганди.