Президент Шавкат Мирзиёев "Ўзбекистон Республикасида тиббий таълим тизимини ислоҳ қилиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарорни имзолади. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизматида хабар берилди.

Мазкур ҳужжат қабул қилинишидан мақсад - тиббий таълим сифатини ошириш, олий ва ўрта махсус профессионал тиббий таълим тизимини энг яхши халқаро тажрибалар даражасида босқичма-босқич шакллантириш, тиббий ёрдам сифатини ошириш. 

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги зиммасига қуйидаги вазифалар юклатилди:

- тиббий таълим муассасалари, шунингдек ОТМдан кейинги таълим тизими, мутахассислар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашнинг услубий бошқаруви орқали тиббий кадрларни тайёрлаш соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;

- олий ва ўрта махсус профессионал тиббий таълим, малака ошириш учун давлат таълим стандартлари ва талабларини ишлаб чиқиш ва уларнинг ижросини таъминлаш;

- соғлиқни сақлаш мутахассисларини қайта тайёрлаш, шунингдек олий тоифали илмий-педагогик тиббий кадрларни тайёрлаш;

- ўқиш даврида профиль ва ихтисослашган предметлар, клиник таълим тажрибаси бўйича ўқув машғулотларини кенгайтириш ҳисобига тиббий таълим муассасаларида таҳсил олувчи ўқувчи ва талабаларнинг назарий ҳамда амалий тайёргарлигини яхшилашга йўналтирилган чора-тадбирлар мажмуини амалга ошириш;

- тиббиётни ривожлантиришнинг замонавий йўналишлари бўйича илмий-тадқиқотларини ўтказиш учун профессор-педагоглар таркиби, бакалавр ва магистратура талабалари ҳамда клиник ординаторларни кенг жалб қилиш; 

Қарор қуйидагиларни кўзда тутади:

- тор мутахассисликлар бўйича олий тоифали тиббий кадрларни тайёрлашни кенг йўлга қўйиш тизими: магистратура таълими - 2-3 йил;

- клиник ординатура мутахассисликлари бўйича малака ошириш ва қайта тайёрлаш тизими - 2 йил;

- бакалавр босқичида таълимнинг клиникагача ва клиник блоклар бўйича ўқув соатлари улушини 85 фоизга ошириш, шу жумладан клиник таълим тажрибаси учун гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий блоклар бўйича ўқув соатларини таълим даврининг умумий ҳажмидан 7 фоизгача қисқартириш.

2017-2018 ўқув йилидан бошлаб ўрта махсус профессионал тиббий таълимнинг йўналишлари белгилаб берилди - "ҳамширалик иши", "стоматология иши", "тиббий профилактика", "лабаратория диагностикаси" ва "фармация".

Ҳозирда бакалаврнинг "даволаш иши", "профессионал таълим" (даволаш иши), "ҳарбий-тиббий таълим" (даволаш иши), "педиатрия иши" йўналишлари бўйича таҳсил  олаётган 2-5 курс талабалари учун таълим 6 йиллик асосий тиббий таълимни таъминловчи мослаштирилган ўқув режалари бўйича ўтказилади.

Шунингдек тегишли вазирлик, идора ва ташкилотларга бу борада бир қатор вазифалар юклатилди.