Жорий йилнинг 28-29 апрель кунлари Покистоннинг Панжоб вилояти Қишлоқ хўжалиги вазири Мухаммад Наим Ахтар бошчилигидаги делегация вакиллари Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш марказига ташриф буюрди. Бу ҳақда Кун.uz’га Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази матбуот хизмати хабар берди.
  
Ўзбекистон вакили сифатида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири ўринбосари, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази бош директори Ш.Тешаев меҳмонларни кутиб олди.

Панжоб вилояти Қишлоқ хўжалиги вазири Мухаммад Наим Ахтар бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташриф буюришдан мақсади - қишлоқ хўжалиги соҳасида икки мамлакат илмий муассасалари ўртасида икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш, шунингдек, қишлоқ хўжалигида ғўза навларини етиштириш ва унинг янги технологияларини ишлаб чиқиш, ҳамда пахта ишлаб чиқариш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш. 

Ш.Тешаев ўз навбатида Ўзбекистон Республикасининг сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида Покистон вакилларини таништирди. Хусусан, қишлоқ хўжалигида фермерликни, пахтачиликни, балиқчиликни, мева-сабзавотчилик ва шоличиликни ривожлантириш ислоҳотлари кенг амалга оширилаётганини таъкидлаб ўтди.

Вазир Мухаммад Наим Ахтар Ўзбекистон Республикасида қишлоқ хўжалиги соҳасида эришилган ютуқлардан ва амалга оширилаётган ислоҳотлардан таъсирланганлигини айтиб ўтди. 

Ташриф натижасида томонлар ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва уни кенгайтириш мақсадида ўзаро келишув Меморандуми имзолашди.