Россия бош штаби бошлиғи Владимир Герасимов ва АҚШ штаблари бошлиқлари бирлашган қўмитаси бошлиғи Жозеф Данфорд ўзаро телефон мулоқоти ўтказиб, Сурия ҳаво ҳудудида хавфсизликни таъминлаш ва нохуш воқеаларнинг олдини олиш бўйича меморандумга мувофиқ мажбуриятларни бажаришни тўлиқ тиклашга тайёрликларини тасдиқладилар. Бу ҳақда Россия мудофаа вазирлиги хабар бермоқда.  

Бундан ташқари, ҳарбийлар ИШИД ва "Жибҳат ан-Нусра" террорчилик гуруҳларига қарши операциялар ўтказишда можароли вазиятларнинг олдини олиш учун қўшимча чоралар устида ишлашга тайёрликларини билдирдилар. 

Россия ушбу келишувнинг амал қилишини АҚШ Суриядаги Шайрат авиабазасига зарба бергандан кейин тўхтатганди.

Аввалроқ Россия ташқи ишлар вазирлиги Сурияда ҳарбий ҳаракатлардан холи деэскалация ҳудудларини яратиш ҳақидаги меморандумни чоп этганди. Ҳужжатни кафолотловчи давлатлар Россия, Эрон ва Туркия Остонадаги музокараларда имзолади. Деэскалация ҳудудлари Идлиб вилояти ва 7 та бошқа туманни ўз ичига олади. Ҳужжатга кўра, бу ҳудудларда ҳукумат қўшинлари ва қуролланган гуруҳлар ўртасида ҳар қандай тўқнашувлар тўхтатилиши керак.