Германияда бошпана сўраётган туркияликлар сони тобора ўсиб бормоқда. Бу ҳақда Spiegel нашри хабар бермоқда.

Нашр маълумотларига кўра, айни вақтда Германиянинг миграция ва қочқинлар ишлари бўйича федерал бошқармаси турк дипломатлари, ҳарбийлари, судьялари ва бошқа давлат хизматчиларидан бошпана берилиши ҳақидаги 450 га яқин илтимосномани кўриб чиқмоқда. Улардан кўпчилиги турк ҳукумати томондан Фатҳулла Гулен ҳаракати билан алоқадорликда гумон қилинмоқдалар. Ҳаммаси бўлиб миграция бошқармасида Туркия фуқароларидан 7,7 мингдан кўпроқ илтимоснома бор. 

Spiegel’нинг ёзишича, бошпана беришни сўровчилар орасида Бельгияда жойлаштирилган НАТО аскарлари ҳамда Туркиянинг Африка давлатларидан биридаги элчихонасининг собиқ ҳарбий атташеси ҳам бор.

2016 йилда турк фуқароларининг қочқин мақомини бериш ҳақидаги илтимосномаларининг фақатгина 8 фоизи қондирилган.