АҚШ президенти Дональд Трамп федерал ҳукуматни 2017 йил 30 сентябргача молиялаштириш ҳақидаги қонунни имзолади. Бу қонун конгресснинг икки палатаси томондан ҳам қабул қилинди. Бу ҳақда брифингда Оқ уй матбуот котибининг биринчи ўринбосари Сара Хакаби-Сандерс маълум қилди. 

Жорий молиявий йилнинг қолган даври учун бюджет миқдори 1,1 трлн долларни ташкил қилади. Мудофаа харажатлари учун 598,5 млрд доллар ажратилади, улардан 15 млрд доллар террорчиликка қарши курашга йўналтирилади. Энергосекторга 38,8 млрд доллар, миллий хавфсизликни таъминлаш учун 49,3 млрд доллар, давлат департаментини молиялаштириш учун 57,4 млрд доллар ажратилади.    

Қонун чиқарувчилар шунингдек бир қатор ижтимоий дастурларни қўллаб-қувватладилар. Мисол учун, гиёҳвандликка қарши курашга 100 млн доллар ва Пуэрто-Рико аҳолисини қўллаб-қувватлаш учун 300 млн доллар ажратишга қарор қилинди. Ўрмон ёнғинларидан азият чеккан ғарбий штатларга ёрдам кўрсатиш учун 407 млн доллар ажратиш кўзда тутилган. Шунингдек, шахтёрларни тиббий суғурталаш дастурига ҳам маблағ ажратилади. 

Янги бюджетга Украина учун маблағ ажратиш ҳам киритилган. Бюджетнинг Европа ва Евросиё давлатларини қўллаб-қувватлаш бўлимида Украинага камида 410,465 млн долларлик ёрдам ажратилиши, "Россиянинг Европа ва Евросиё давлатларига таъсири ва тажовузига қарши курашга" 100 млн доллар сарфлаш мумкинлиги кўрсатилган.