АҚШ президенти Дональд Трамп жума куни Гуантанамо қамоқхонаси маҳбусларини АҚШ ва бошқа давлатлар ҳудудига олиб ўтишни тақиқловчи қонунга имзо қўйди.

Оқ уй матбуот хизмати томонидан тарқатилган президент махсус баёнотида аниқлик киритилишича, тегишли норма мамлакатнинг 2017 йил охирига қадар бўлган федерал бюджетига тузатишларда ўз аксини топган (30 сентябрь куни якунига етади).

АҚШ томонидан 2002 йилда Кубадаги ҳарбий базада ташкил этилган ва халқаро террорчиларга мўлжалланган Гуантанамо қамоқхонасининг ёпилиши ҳақида аввалги президент Барак Обама кўп бора ваъда қилганди. 2016 йилнинг охирларида Обама конгресс қамоқхонанинг 2017 йилда ёпилишини молиялаштиришдан бош тортганига қарамай, Гуантанамо маҳбусларини ўз президентлик муддати сўнгига қадар бошқа давлатларга ўтказиши ҳақида айтиб ўтганди.

АҚШнинг янги президенти Дональд Трамп эса бир неча бор қамоқхонани ёпиш ғоясини қўллаб-қувватламаслиги, маҳбусларни бошқа жойга олиб ўтиш эса АҚШ хавфсизлигига таҳдид уйғотиши ҳақида маълум қилган.

2017 йилнинг 19 январь ҳолатига кўра, Гуантанамода 41 нафар маҳбус бўлган.