Kun.uz таҳририятига Ўзбекистоннинг турли жабҳаларидан ҳар-хил саволлар келиб тушмоқда. Уларнинг айримлари ҳуқуқий масалалар ҳақида боради. Қуйида ана шундай саволлардан айримларини келтириб ўтамиз. Ушбу саволларга Адлия вазирлигининг Нотариат, адвокатура ва ФҲДЁ органлари бошқармаси бошлиғи Д.Якубова жавоб қайтарган.

1. Тошкент шаҳридаги нотариуслар уй масаласи бўйича ишончномани фақат Тошкент шаҳрида доимий пропискаси бор фуқароларга берамиз, дейишмоқда (Яшнобод тумани 6- ва 1-сон нотариуслар). Агарда пропискам бўлганида менга ишончнома керак эмас бўларди. Шу масала нечоғлик қонуний? 

Жавоб: Фуқаролик кодексининг 134-моддасига асосан бир шахс (ишонч билдирувчи) томонидан иккинчи шахсга (ишончли вакилга) учинчи шахслар олдида вакиллик қилиш учун берилган ёзма ваколат ишончнома дейилади. Ишончли вакил ўзига ишончнома билан берилган ваколатлар доирасида иш олиб боради.

“Нотариат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 47-моддасига мувофиқ нотариуслар бир ёки бир неча шахс номидан ёки бир неча шахс номига ёзилган ишончномаларни тасдиқлайди.

Ушбу қонуннинг 16-моддасига кўра, ҳар бир фуқаро ёки юридик шахс нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун хоҳлаган нотариусга мурожаат қилишга ҳақлидир. Ушбу Қонуннинг 37, 44, 51, 52, 59, 62, 63, 74, 82 ва 93-моддаларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

“Нотариат тўғрисида”ги Қонуннинг 38-моддасига мувофиқ нотариал ҳаракатни амалга ошириш рад этилган тақдирда нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиш ҳақида нотариус мурожаат қилинган кундан бошлаб уч кундан кечиктирмасдан қарор чиқаради. Нотариус нотариал ҳаракатни амалга ошириш тўғрисидаги мурожаати рад этилган шахснинг илтимосига биноан рад этиш сабабини ёзма равишда баён этиши ва рад этиш устидан шикоят қилиш тартибини тушунтириб бериши лозим.

 

2. Баъзи нотариуслар текин фойдаланиш шартномасини тузмайман, деб бунинг учун қариндошлик алоқангизни исботловчи ҳужжатлар тўпламини талаб қилишади. Бунинг ҳуқуқий асоси нечоғлик тўғри?

Жавоб: Фуқаролик кодексининг 617-моддасига мувофиқ текин фойдаланиш шартномаси бўйича бир тараф иккинчи тарафга ашёни вақтинча текин фойдаланиш учун бериш мажбуриятини олади ёки беради. Иккинчи тараф эса бу ашёни қандай олган бўлса, нормал ейилишини ҳисобга олиб ҳудди шундай ҳолатда ёки шартномада назарда тутилган ҳолатда қайтариб бериш мажбуриятини олади. 

Мазкур кодекснинг 6261 – моддасига мувофиқ уй-жойни текин фойдаланишга бериш шартномаси ёзма шаклда тузилади, бундан уй-жойни яқин қариндошларга (ота-она, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллар, эр-хотин, фарзанд, шу жумладан, фарзандликка олинганлар, бобо, буви, неваларлар, шунингдек, эр-хотиннинг ота-онаси, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллари) текин фойдаланишга бериш ҳоллари мустасно.

Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (рўйхат рақами 2090, 2010 йил 30 март) 1411-бандига кўра мулкдан текин фойдаланиш шартномасини тасдиқлашда нотариус мулкка бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлари (нусхаси қолдирилиб, асли қайтариб берилади), текин фойдаланишга берилаётган мулк умумий биргаликдаги мулк бўлган тақдирда (эр-хотиннинг биргаликдаги мулки), барча эгаларининг (эр-хотиннинг) розилиги, текин фойдаланишга берилаётган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмида доимий прописка қилинган шахслар ҳақида фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органи хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати томонидан берилган маълумотнома ёки уй дафтаридан кўчирмаси, васийликдаги шахсга қарашли бўлган мол-мулк текин фойдаланишга берилганда, васийлик ва ҳомийлик органларининг розилиги, мулк гаровга қўйилган бўлса, гаровга олувчининг розилигини талаб қилади.