Россиялик тадбиркор Алишер Усмонов 2017 йил ҳолатига кўра, Буюк Британиянинг энг бадавлат одамлари юқори бешталигига киритилди.

"Металлоинвест" компанияси эгаси ва Лондоннинг "Арсенал" футбол клуби акциядори ҳисобланмиш Усмоновнинг бойлиги 15,3 млрд долларга баҳоланган.

The Sunday Times нашри томондан тузилган The Sunday Times Rich List 2017 рўйхатининг энг юқори поғонасини банк ва ресторан бизнеси билан шуғулланувчи, ҳинд миллатига мансуб ака-ука Шри ва Гопи Ҳиндужалар (16,2 млрд фунт стерлинг) эгалладилар. Улар Hinduja Group корпорациясига эгалик қилишади.

2-ўринни Собиқ иттифоқдан 1978 йилда АҚШга миграция қилган Леонард Блаватник (15,98 млрд фунт стерлинг) эгаллади. У Warner Music Group компанияси ва дунёда полипропилен ишлаб чиқарувчи энг йирик корхона LyondellBasell Industries NV’ни назорат қилувчи Access Industries холдинг компанияси асосчиси ва раиси ҳисобланади.

3-ўринни эса ака-ука Дэвид ва Саймон Рубенлар (14 млрд фунт стерлинг) эгалламоқдалар. Келиб чиқиши ҳиндистонлик бўлган Рубенлар нашрнинг аввалги йилги рейтингига бошчилик қилгандилар.

Таъкидлаш жоиз, ушбу рўйхатнинг 13-поғонасидан яна бир россиялик тадбиркор, "Челси" клуби эгаси Роман Абрамович ўрин олди.

Sky News нашрининг маълум қилишича, рўйхатдан ҳаммаси бўлиб 134 киши ўрин олган. Таъкидланишича, айни вақтда Буюк Британияда унинг тарихидаги энг кўп сондаги миллиардерлар мавжуд.  

Рейтингга киритилган барча миллиардерларнинг умумий бойлиги 658 млрд фунт стерлингга баҳоланган ва бу миқдор 2016 йилги кўрсаткичдан 14 фоизга кўпроқни (575 млрд фунт стерлинг) ташкил қилган.