Франция президентлигига номзодлар сайловда овоз беришди. BFM TV телеканали хабарига кўра, Миллий фронт партиясидан номзод бўлмиш Марин Ле Пен Энен-Бомон коммунасидаги сайлов участкасида овоз берган.

Айнан шу участка олдида бироз аввалроқ Femen фаоллари акция ўтказишганди.

Эммануэль Макрон рафиқаси Брижит Макрон билан бирга Ле-Туке шаҳридаги сайлов участкасига ташриф буюрган.

Бундан олдинроқ мамлакат президенти Франсуа Олланд ва мамлакат бош вазири Бернар Казнев овоз берганди.

Айни вақтга келиб, участкалар очилганидан 4 соат вақт ўтганида сайловда давомат 28,23 фоизни ташкил қилмоқда — бу 2012 йилдаги кўрсаткич (30,66 фоиз) ва 2007 йилдаги кўрсаткичдан (34,11 фоиз) кам. Бу маълумот ИИВнинг расмий твиттерида маълум қилинган. Биринчи турда куннинг бу вақтига келиб давомат 28,54 фоизни ташкил этганди. Кун охирига бориб давомат 75 фоизни ташкил этиши, шу тариқа 1969 йилдан буён энг паст кўрсаткич қайд этилиши кутилмоқда.