Францияда маҳаллий вақт билан соат 08:00да (Тошкент вақти билан соат 11:00) мамлакат президентлиги учун сайловларнинг иккинчи тури бошланди.

Давлат раҳбари лавозими учун «Маршга!» ҳаракати етакчиси Эммануэль Макрон ва Миллий фронт партияси раҳбари Марин Ле Пен кураш олиб боради.

Биринчи турда Макрон 24 фоиз билан устунлик қилган, иккинчи яхши натижани Ле Пен 21 фоиз олган ҳолда кўрсатган эди.

Бундан аввалроқ Франциянинг денгизорти ҳудудларида овоз бериш жараёни бошланганди. Франциянинг асосий шаҳарларида сайлов участкалари маҳаллий вақт билан соат 20:00да ёпилади (Тошкент вақти билан соат 23:00).

Сайлов натижалари ҳақидаги маълумотлар мамлакатдаги охирги сайлов участкаси ёпилганидан сўнг эълон қилиниши бошланади. Бу қоида бузилишига нисбатан 75 минг евро миқдорида жарима тайинланади.

Франция президенти 5 йил муддатга сайланади ва у фақат бир марта қайта сайланиши мумкин.