"Газпром" "Турк оқими"нинг денгиз қисми қурилишини бошлади, деб хабар берди 7 май куни РИА “Новости” ахборот агентлиги.   

"Лойиҳа режага қатъий амал қилинган ҳолда бажарилмоқда ва 2019 йил охиригача бизнинг туркиялик ва европалик истеъмолчиларимиз Россия газини импорт қилиш учун ишончли йўналиш оладилар", деб айтган компаниянинг бошқарув раиси Алексей Миллер.

Газ қувури қурилиши Россия президент Владимир Путин ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг 3 майдаги учрашувидан 4 кун ўтиб бошланди. Учрашувда томонлар "Турк оқими" қурилиши билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишганди.

Ўшанда Миллер Путинга компания қувурнинг денгиз қисми қурилишини бошлашга тайёрлигини маълум қилганди.

Россия ва Туркия ўртасида "Турк оқими" газ қувурини қуриш келишуви ратификацияси ҳақидаги қонун 7 февралда имзоланганди. Унинг амалга оширилишига Россия томондан "Газпром", Туркия томондан "Боташ" компанияси жавоб беради. Келишувнинг амал қилиши муддати 30 йил ва уни кейинги 5 йиллик даврларга чўзиш мумкин.