Иорданияда 7 май куни АҚШ армияси кўмагида 20 та давлатдан 7,5 минг ҳарбий иштирок этадиган ҳар йиллик машғулотлар бошланди. Бу ҳақда Иордания давлат телевидениеси маълум қилди.

Машғулотларга қўмондонлик қилувчи, Иордания қуролли кучлари бригада генерали Халид аш-Шаръанинг айтишича, "минтақа террорчилик хавфига дуч келаётган бир вақтда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар, мувофиқлик ва тажриба алмашиш жуда зарурдир". 

Генералнинг айтишича, Иорданияда 7 маротаба ўтказилаётган машғулотларда Европа Иттифоқи, Осиё, Африка ва Форс кўрфази давлатлари, шу жумладан, Буюк Британия, Япония, Кения ва Саудия Арабистони армиялари бўлинмалари иштирок этмоқда.

18 майгача давом этадиган машғулотлар вақтида америкалик ҳарбийлар бошчилигидаги бўлинмалар чегараларни ҳимоялаш, киберхавфсизликни таъминлаш, жанговар ҳаракатлар вақтида турли қўшин турларининг ўзаро ҳаракатланиши бўйича чоралар машқ қилинади.