Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида мамлакат тарихидаги энг кенг кўламли ҳарбий парад бўлиб ўтди. Бу парад мамлакат қуролли кучлари ташкил этилганининг 25 йиллигига бағишланган.

Парад мамлакат президенти Нурсултон Назарбоев томонидан очиб берилган. Давлат раҳбари ҳарбийларни олқишлаган ва уларни Ғалаба куни ҳамда ватан ҳимоячилари куни билан табриклаган.

«Ўтказилган маросим вақтида 5 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчи Мустақиллик майдонидан марш қилиб ўтган ва унда 300дан ортиқ турдаги ҳарбий техника ҳамда 70га яқин вертолёт ва самолётлар иштирок этган», — дея қайд этилган NUR.kz порталида.

Назарбоев ҳарбий хизматчиларга мурожаатида мамлакат қуролли кучлари модернизациялашувнинг тарихий босқичини босиб ўтганини эътироф этган.

«Янги принципиал йўналиш терроризмга қарши курашишдир. Қозоғистон армияси замон билан ҳамнафас бўлиши ва ҳар қандай хавфга тайёр туриши керак», — дея президент сўзларини келтирган ТАСС агентлиги.