Покистоннинг Балужистон вилояти чегара корпуси бошлиғи генерал-лейтенант Нозим Аҳмад Афғонистон билан чегарада 5 май куни юз берган отишмада 50 нафар афғон ҳарбийси ҳалок бўлгани, 100 нафари яраланганини маълум қилди. 

Покистон армияси 5 май куни афғон чегарачиларини Покистон ҳудудини ўққа тутишда айблаганди ҳамда бир нафар фуқаро ҳалок бўлгани ва 18 нафар киши жароҳат олганини маълум қилган. Ҳозирги кунги маълумотларга кўра, Покистондан 12 киши, шу жумладан чегара корпуси хизматчиси ҳалок бўлган, 40 киши яраланган. Армияда айтилишича, афғон чегарачилари Чаман чегара пункти яқинидаги аҳоли пунктларида аҳолини рўйхатга олиш иштирокчиларини қўриқлаб борган чегарачиларга ўт очганлар. 

Чаманда 7 майда ўтган брифингда генерал-лейтенант Аҳмад афғон ҳарбийлари ўша куни гўёки "Покистон ҳудудига ўтиб, яхши позицияни эгаллаб, ҳужумни бошлаш учун уйларни эгаллаб олганини" айтган. "Ўз навбатида Покистон кучлари Афғонистондаги назорат пунктларига ҳужум қилган ҳамда 50 кишини ўлдирган ва 100 кишини яралаган", деб айтди Аҳмад.

Унинг қўшимча қилишича, покистонлик ҳарбийлар Афғонистон томондан талофат кўрилганини "олқишлашмаяпти", чунки "афғонлар покистонликларга оға-инидир". Шунга қарамай, Аҳмад бўлиб ўтган воқеа учун жавобгарликни афғон ҳарбийлари зиммасига юклаган ва Афғонистон Дюранд чизиғи билан бўлакланган аҳоли пунктларида рўйхатга олиш жараёни бўлиши ҳақида огоҳлантирилган.

Чаманда отишма бўлгани ҳақида 5 май эрталаб маълум бўлган, чегарадан ўтиш вақтинчалик ёпиб қўйилган. Покистон отишнинг тўхтатилгани ҳақида соат 17:00ларда маълум қилган. Аҳмаднинг айтишича, отишма тўхтатилишини Афғонистон сўраган.  "Биз аниқ-равшан айтишимиз керак, Покистоннинг халқаро чегараси муҳокама қилинмайди ва у бўйича муросага борилмайди", деб қўшимча қилди генерал.  

Чегара масаласи тартибга солинмагани сабаб Покистон ва Афғонистон чегарачилари ўртасида мунтазам равишда отишмалар бўлиб туради. Ўтган йили покистонлик чегарачилар назорат-ўтказиш пунктида дарвозаларни қуриш ишларини бошлагани сабаб икки давлат чегарачилари ўртасида юз берган тўқнашув бир неча кун давом этган. Март ойи охирида Покистон Афғонистон билан чегарасининг баъзи ҳудудларида тўсиқлар қуришни бошлагани маълум қилинган. Бу тўсиқлар Афғонистондан террорчиларнинг киришига қарши кураш учун қурилади.