Португалиядаги ҳаваскор «Канелас 2010» жамоаси техник ғалабалар серияси эвазига учинчи дивизионга чиқиш имкониятига эга бўлди: рақиблар бу жамоага қарши ўйнашдан шунчаки қўрқишмоқда. 2016 йилда нашрлар бу жамоани «тарихдаги энг қўпол жамоа» деб атади, 2017 йилнинг май ойи бошида эса бу жамоа футболчиларидан бири ҳакамнинг юзига тиззаси билан зарба бергани туфайли 4,5 йилга дисквалификация қилинди. Ушбу клуб атрофидаги вазият ҳақида The New York Times нашри атрофлича ёзди.

«Канелас 2010» Португалиядаги тўртинчи дивизионда иштирок этади. «Канелас 2010» бу мавсумда 26 ўйиндан 24тасида ғалаба қайд этиб биринчи ўринни эгаллади. Энди жамоа учинчи дивизионда иштирок этиш учун ўтиш гуруҳида қатнашмоқда.

Қайд этилган 24 ғалабадан 16таси техник ғалабалар ҳисобланиб, рақиблар бу учрашувларда иштирок этишдан бош тортишгач, уларга 0:3 ҳисобларидаги мағлубиятлар ёзилган. Жамоанинг бундай ғалабали серияси ўтган йилнинг октябрида бошланган ва 10та ўйин шундай ўтган. Шу йилнинг январида «Канелас 2010» «Кандал» клубига қарши ўз майдонида ўйнади ва ютқазди. Шундан кейин яна 6та ўйинда рақиблар майдонга тушишмади.

Ўтган йил декабрида жаҳондаги нашрлар ушбу жамоани машҳур қилиб юборди. «Канелас 2010» футболчилари рақиблар оёғига иккиланмасдан ташланиши тасвирланган видеолар кенг тарқалди.

«Канелас 2010»га рақиб бўлган футболчилар ва бу жамоа ўйинларида ишлаган ҳакамларга ўз номларини сир қолдирган ҳолда «Биз сизнинг оила аъзоларингиз қаерда яшашини биламиз» қабилидаги таҳдидлар қилинган.

Лига томонидан ўйинлардан бош тортган жамоаларга 750 евролик жарималар қўлланиши фойда бермаган. «Грижо» клуби президенти Мануэль Гомиш «Канелас 2010» футболчилари рақибларни қўрқитиши туфайли шундай чора қабул қилинаётганини маълум қилган.

«Канелас 2010» таркиби асосан «Порту» фанатларидан иборат ҳисобланади. Улар «Супер драконлар» (Super Dragões) гуруҳи вакиллари бўлиб, The New York Times бу гуруҳни «Порту»нинг энг ашаддий ультраси деб атаган. Жамоани Маймун лақабли Фернанду Мадурейра — «Драконлар» гуруҳи раҳбари бошқаради.

2017 йилнинг апрелида The New York Times журналисти Мадурейра билан Портудаги стадионда учрашади; у Мадурейрани чарм куртка кийган, сирға таққан ўрта ёшлардаги эркак сифатида тасвирлаган.

У ёшлигида профессионал даражада футбол билан шуғулланган, ўзининг сўзларига кўра «ўрта савияли футболчи» бўлган, фаолиятини якунлагач эса ўзини фанатлар ҳаракатига бағишлаган. 2012 йилда у ультраснинг бошқа аъзолари билан биргаликда «Канелас 2010» жамоасига асос солган.

Мадурейранинг сўзларига кўра, «Супер Драконлар» гуруҳида «яхши одамлар» ҳам, «наркосавдогарлар ва қотиллар» ҳам бор. Унинг қайд этишича, ультрас вакиллари «Канелас 2010» таркибида аввалдан ўйнаб келишган, аммо жамоаларнинг бойкот қилиш ҳолатлари фақат шу мавсумда кузатила бошланди. Улар бунгача ҳам 7 ўйиндан 6тасида ғалаба қозонишганди. У ўз клубига қарши кампанияни рақибларнинг моддий манфаатларига боғлаган.

Жамоа сардори ўз жамоасининг шафқатсизлиги борасидаги фикрларни инкор этади. «Биз шафқатсиз жамоа эмасмиз. Биз ҳамма қатори ўйнаймиз: шунчаки ютқазишни истамаймиз, кўп югурамиз, тўп учун курашамиз ва боримизни майдонга ташлаймиз», — деган у. Интернетда тарқалган видеолар бўйича муносабат билдирар экан, у бу «икки йил аввалги ўйиндан парчалар» эканини иддао қилган.

Мадурейра бу мавсумда жамоа футболчилари кам жазоланганини қўшимча қилиб ўтган — 4та сариқ ва битта қизил карточка.

Қизил карточка олган футболчи — Марку Гонсалвеш. У ҳакамнинг юзига тиззаси билан зарба бергач майдондан четлатилган, (у кейинроқ клубдан ҳам ҳайдалган ва 4,5 йил муддатга футболдан дисквалификация қилинган).

Лигага чиқиш учун курашаётган 6 жамоадан иборат гуруҳда «Канелас 2010» 6 ўйиндан кейин 3 ғалаба ва бир дуранг қайд этган ҳолда учинчи ўринда бормоқда. Турнир ғолиби июнь ойида маълум бўлади.