Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 6 май куни Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманига ташриф буюрди. Давлат раҳбари мазкур ташрифи давомида кутилмаганда 32-оилавий поликлиникага кирди.

Давлатимиз раҳбари поликлиниканинг иш тартиби билан қизиқди. Муассасанинг самарадорлигини ошириш, уйларга чиқиб, аҳолига патронаж хизмати кўрсатишни янада кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Мавжуд муаммоларни қисқа муддатда бартараф этиш, поликлиникани таъмирлаш ва аҳоли учун қулайликларни ошириш, мобил тиббий ёрдам қамровини кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди. Шавкат Мирзиёев мазкур поликлиниканинг бош шифокори Рузметова Лола Миразизовна билан бўлиб ўтган суҳбатда аҳоли орасида тиббий маданиятни ошириш, шифокорлар уйма-уй юриб одамларда бу кўникмани пайдо қилишга, қайси мавсумда қандай таом ейишигача, саломатликни сақлаш учун нималарга аҳамият қаратиш кераклиги ҳақида сўз юритди.

Президентнинг мана шу гапи эътиборимни ўзига тортди. Ҳақиқатан ҳам тиббий маданиятни ошириш бугунги замоннинг, яна бир бор қайтараман бугунги замоннинг энг долзарб талабларидан биридир. Пойтахт аҳолисини билмадим, вилоятларда ва чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи аксари одамлар бунга амал қилмайди. Натижада, президент айтганидек, саломатликка путур етади, турли машмашалар бошланади. 

Оддий мисол тариқасида айтиб ўтишим мумкинки, кўпчилик одамлар харид қилаётган маҳсулотларининг саломатликка нечоғлик таъсири бор-йўқлигига унча аҳамият қаратишмайди. Ёки сотиб олишаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг яроқлили муддати билан деярли қизиқишмайди (айниқса, вилоятларда бу ҳол кўп кузатилади). Бадантарбиянинг инсон саломатлигига жуда катта фойдаси борлиги ҳақида бундан минг йиллар муқаддам турли олимлар айтиб ўтишган. Аммо буни кўпчилик ўз ҳаётида қўлламайди. Буларнинг барчаси тиббий маданиятга киради.

Ана шу маданиятни тушунтирувчи кишилар эса, президент таъкидлаганидек, шифокорлар, оилавий поликлиника ходимларидир. Масалан, мен фарзанд кутяпман. Худога шукур уйимда интернет бор ва у орқали турли манбаалардан фойдаланган ҳолда ҳомиладор рафиқамга кўрсатмалар бериб тураман. Аммо интернети бўлмаган ёки бундай маълумотларга эга бўлмаган бошқалар-чи? Уларга ким нимани ўргатиб туради? Ота-она дерсиз, аммо ички тиббий маданият бўлмаса, улар ўргатаётган муолажалар ҳам қадрсиз бўлиб қолади.

Айтмоқчи бўлганимиз шуки, оилавий поликлиникада ишловчи бош шифокорлар, масъул ходимлар уйма-уй юриб ёки умумий йиғилишлар ўтказиб, одамларга тиббий маданият ҳақида, саломатлик ҳақида ўз вақтида амалий ишлар олиб боришса яхши бўларди. Бу шунчаки уйга келиб, “яхшимисиз, фалончи соғайиб қолдиларми, қон босимизни кўриб берай”, дегани эмас, ҳақиқий, профессионалларча ёндашув бўлса, барча учун бирдек яхши бўлади.

Сарвар Анвар ўғли