Рим папаси Франциск АҚШнинг ўта кучли GBU-43 русумидаги фугас бомбасининг "барча бомбаларнинг онаси" деб аталишини танқид қилди, деб хабар бермоқда Il Messaggero нашри.

Понтификнинг айтишича, у қирғинбарот қуролга нисбатан "она" сўзининг қўлланишини эшитганда шармандалик ҳис қилган.

"Она ҳаёт ато этади, қурол эса ўлим келтиради ва биз бу қурилмани она деб атамоқдамиз. Нималар бўлаяпти ўзи?", деб айтган Франциск.

Аввалроқ америкалик ҳарбийлар бу бомбани биринчи марта Афғонистонда қўллагандилар. Бомба билан террорчиларнинг ер ости туннелларига зарба берилган. Пентагоннинг маълум қилишича, авиазарба оқибатида 36 жангари йўқ қилинган.