Хотира муқаддас. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов айтганидек: “тарихий хотирасиз келажак йўқ”. Мамлакатимиз “Хотира ва қадрлаш куни”ни кенг нишонлаш арафасида турибди. Шу ўринда ҳақли бир фикр ўртага чиқади: ўзбекнинг мустақиллигини, маърифатини, ҳуқуқини, қадриятини ҳимоя қилган аждодлар туфайли шу кунларга етиб турибмиз. Бу ҳақда Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани бош имом-хатиби Саййид Раҳматуллоҳ Термизий шундай дейди:

“Тошкентдаги Шаҳидлар майдонида беш мингга яқин одамлар кўмилган. Уларнинг деярли барчасига отиб бўлинганидан сўнг, ўлимга ҳукм қилиш тўғрисидаги фармон чиққан. Айтишларига қараганда, мазкур шаҳидларни тунлари гуруҳ-гуруҳ қилиб олиб чиқиб кетишган ва ана шу ерда қатл этишган. Ўлдирилганларнинг саноқлиси шоир ва адиблар, аксариси эса диний уламолар, олим ва қориларни ташкил этган. 

Бунга сабаб мустабид ҳокимият халқни тамоман мутъе қилиш мақсадида унинг маънавиятини, маърифатини ва тарихини йўқотишга уринган. Айниқса, ўша халқнинг маърифатпарварлари йўқ қилинган. Юқорида айтиб ўтганим, хунрезликлар ҳам айнан мана шу мақсадда амалга оширилган. Улар отилган, бошқалари узоқ ўлкаларга сургун қилинган, омон қолганлари эса юртдан чиқиб кетган. 

Аммо шуни алоҳида таъкидлаш керак-ки, динимиз асрлар оша яшаб келяпти. Унинг илдизи ҳеч қачон йўқолмайди. Бунга тарихнинг ўзи гувоҳ”.