Канадада бошпана топган суриялик қочқинлар Муҳаммад ва Арфа Билан оиласида туғилган чақалоққа канадаликлар бош вазири шарафига исм қўйилди.

Калгари шаҳрида истиқомат қилаётган Биланлар оиласида туғилган чақалоқ Жастин Трюдо Билан уларнинг учинчи фарзанди бўлди.

Бундан аввал ушбу ёш оила Дамашқ шаҳрида яшаган, Муҳаммад Сурияда сартарош бўлиб ишлаган. Ҳукумат ҳарбийлари уни бир неча кун давомида ҳибсда тутиб туришган, кейинроқ бу ҳибсга хатолик туфайли содир бўлгани маълум қилинди. Шундан сўнг оила мамлакатдан кетишга қарор қилган, ўтган йилнинг февраль ойида улар Монреалга келишган.

Улар Канадада расман қочқин мақомини олишган, ҳозирда 29 ёшли Муҳаммад дўконда сотувчи бўлиб ишламоқда. У ва рафиқаси инглиз тилида эркин мулоқот қила олишади.

2015 йилнинг ноябридан буён Канадани Жастин Трюдо бошқармоқда. Бу мамлакатга Суриядан 40 минг қочқин келган, улардан минг нафарга яқини Калгарида яшамоқда.

АҚШда президент Доналд Трамп мамлакатга бир қатор давлатлардан, жумладан Суриядан қочқинларни киритишни тақиқлаган бир вақтда Жастин Трюдо уларни аэропортга чиқиб кутиб олганди.

"У [Жастин Трюдо] ажойиб инсон. У одамларга ёрдамин аямайди. Биз унга ва бутун Канадага шу йўл билан ўз миннатдорчилигимизни изҳор қилдик", деган Арфа Билан телефон орқали Би-би-си нашрига интервью бературиб.

Қайд этиш керакки, бундай ҳолат иккинчи марта кузатилмоқда. Шу йилнинг февраль ойида суриялик бошқа бир оила, айни вақтда Онтариода истиқомат қилаётган жуфтлик ҳам ўз ўғлига Жастин исмини қўйганди.