Европага ўтмоқчи бўлган 3 мингга яқин ноқонуний муҳожир 6 май куни Ўрта ер денгизида қутқариб қолинди. Бу ҳақда Италия соҳилбўйи қўриқлаш хизмати хабар бермоқда. 

Ёрдам Римдаги бош қўмондонлик томонидан бошқарилган, Италия соҳилбўйи қўриқлаш хизмати, мамлакат ҳарбий-денгиз кучлари, Европа Иттифоқининг Ўрта ер денгизидаги ҳарбий-денгиз миграция миссияси EunavforMed ва бир қатор ноҳукумат ташкилотларининг кемалари иштирокида 20 та қутқарув операцияси доирасида кўрсатилди.

Шимолий Африкадаги миграция билан боғлиқ вазият Италияни бу муаммо бўйича махсус вазирлик учрашувини чақиртиришга ундади. Аввалроқ Италия ташқи ишлар вазири Анжелино Альфано маълум қилгандек, учрашув 6 июлда бўлиб ўтади. Унда иштирок этишга Ливия, "миграция оқимига учраётган давлатлар", Европа дипломатияси раҳбари Федерика Могерини, БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ва Халқаро миграция ташкилоти вакиллари таклиф қилинишган. 

Ҳозирда Европа Иккинчи жаҳон урушидан бери энг жиддий миграция инқирозини бошдан кечирмоқда. Бу инқироз биринчи навбатда Яқин Шарқ ва Шимолий Африка давлатларидаги иқтисодий муаммолар ва қуролли можаролар сабабли юзага келган.

Жорий ҳафта бошида Халқаро миграция ташкилоти жорий йилда Европага денгиз йўли билан 43 мингдан кўпроқ қочқин келганини, Ўрта ер денгизини кечиб ўтишда 1089 киши ҳалок бўлганини маълум қилди.