Пентагон АҚШнинг Осиё-Тинч океани минтақасида кейинги 5 йил ичида мавжудлигини ошириш учун зарур бўлган 8 млрд долларлик инвестициялар бўйича режани қўллаб-қувватлади, деб ёзмоқда Wall Street Journal нашри.

Нашрнинг ёзишича, АҚШ минтақадаги мавжудлигини ҳарбий инфратузилмани модернизациялаш, қўшимча машғулотлар ўтказиш ва қўшимча куч ва кемалар жойлаштириш билан ошириши мумкин ва АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти ҳозирча Осиёга нисбатан қандай сиёсат юргазишни танламоқда.

Ушбу режа дастлаб "Осиё-Тинч океани барқарорлиги ташаббуси" номи остидаги таклиф кўринишида сенатор Жон Маккейн томондан билдирилган ва америкалик қонун чиқарувчилар ҳамда АҚШ мудофаа вазири Жеймс Мэттис ва АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг Тинч океани қўмондонлиги бошлиғи адмирал Гарри Харрис томондан қўллаб-қувватланди. 

Таклиф тарафдорлари режани амалга ошириш маблағни қандай олишларини маълум қилишмаган. Трамп маъмурияти жорий молиявий йилда ҳарбий харажатларга қўшимча маблағлар сўраган ва 2018 йилда харажатларни 54 млрд долларга оширмоқчи. 

Охирги ойларда Осиёда Шимолий Корея томондан ўтказилаётган ракета синовлари сабабли кескинлик ошиб кетди. АҚШ Шимолий Кореяга нисбатан ҳаракатларнинг ҳарбий тус олишини ҳам истисно қилмаяпти, бироқ Пхеньянга санкциялар орқали иқтисодий босим ўтказишга эътибор қаратмоқда.