Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида автомобилда йўловчилар ва юк ташиш хавфсизлигини таъминлаш ҳамда текшириш бўйича назоратни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби ҳақидаги Низом лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Лойиҳада қайд этилишича, автомобилда юк ва йўловчи ташиш хавфсизлигини назорат қилиш амалиёти йирик йўловчи ва юк ташиш масканларида (темир йўл вокзаллари ва станциялари, дарё портлари, метрополитеннинг сўнгги бекатлари, йўналишлардаги сўнгги ва оралиқ бекатларда) амалга оширилади.

Инспекция автомобилларига "Автотранспорт назорати" ёзуви, Ўзбекистон автомобил ва дарё транспорти агентлиги тимсоли туширилади, қизил-кўк маёқ ҳамда овозкучайтиргич ўрнатилади. 

Инспекция ходими автотранспортни махсус таёқча, овозкучайтиргич ёки қизил-кўк маёқни ёқиш орқали тўхтатади.

У исм-шарифи, лавозимини айтиб ўзини таништиради, хизмат гувоҳномасини кўрсатганидан сўнг, ҳайдовчилик гувоҳномаси (ҳайдовчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат), йўл варақаси, лицензия карточкаси, транспорт воситасининг рўйхатга олинганлиги ҳақидаги гувоҳнома ва бошқа ҳужжатларни сўраши мумкин. 

Қонун бузилиши ҳолати аниқланганида назоратчи шахс икки нусхада баённома тузиб, баённомалардан бирини ҳайдовчига, иккинчисини тегишли идорага топширади. Назоратчи шахснинг имзоси унинг шахсий рақамли муҳри билан тасдиқланади. Қоида бузган шахс баённоманинг ҳар икки нусхасига имзо қўйиши шарт. Ҳайдовчи баённомага имзо чекишни рад этган тақдирда, бу ҳақда тегишли ёзув киритилади.

Қонун бузилиши ҳолати аниқланмаган ҳолларда назоратчи шахс йўл варақасига (хориж автотранспорт воситаси учун рухсатнома бланкининг орқа тарафига) назоратдан ўтказилганини англатувчи штампни босилади, ҳисоб юритиш ва рўйхатга олиш журналларига тегишли ёзувлар киритилади.

Назоратчи шахс томонидан босилган штамп текширилган транспорт воситасининг манзилга қадар қайта текширувларсиз бориши учун асос бўлади.

Инспекция ходими хизмат вазифасини бажараётган вақтида йўл ҳаракати иштирокчиларига аниқ кўринадиган ва қоидабузарликни ўз вақтида бартараф этиш имкониятини берадиган жойни танлаши шарт. Қоронғу ва кўриш чекланган вақтларда назоратчи йўлнинг ёритилган қисмида туриши ҳамда ёриқлик таратувчи таёқча ва ёруғлик қайтарувчи либосда бўлиши шарт.