Жорий йилнинг 6 май куни Grand Hyatt меҳмонхонасида Дубай йўл ва транспорт бошқармаси (RTA) томонидан ўтказилган навбатдаги 95 – очиқ кимошди савдосида икки нафар бизнес-шериклар Одил Абдул Азиз Аль Матруший ва Ҳолид Салмин бир неча автомобиль рақамлари учун 4.4 миллион дирҳам (1.22 миллион доллар) сарфлашди.

Улар харид қилган лотлар орасида иккинчи энг қиммат лот -  H33 рақами ҳам бор эди. Унинг учун тадбиркорлар 2,82 миллион дирҳам (767.800 доллар) тўлашди.

H33 рақамидан ташқари шериклар қуйидаги рақам белгиларни олиб кетишди: K8888 (182.400 доллар), O120 (95.300 доллар), R3030 (35.400 доллар), P7700 (31.600 доллар), K8800 (22.900 доллар) ва яна бир неча камёб рақамлар ҳам уларники бўлди.

Love in Dubai нашрининг сўзларига кўра, Дубайда янги машина сотиб олганда ундаги от кучи, двигателнинг ўлчами ёки унинг модели катта роль ўйнамайди, балки унга тақиладиган рақамли белги муҳим ҳисобланади. Ўтказилган 95 – очиқ кимошди савдосида умумий ҳисобда унинг қатнашчилари 27.751 миллион дирҳам миқдорида маблағ сарфлашди.

RTA бошлиғининг сўзларига кўра, “95 – очиқ кимошди савдосида унинг қатнашчилари 27.751 миллион дирҳам миқдорида маблағ сарфлашлари бошқарма ўтказаётган савдо тадбирларининг машҳур бўлаётганлигидан далолат беради”.