"Олға" ҳаракати асосчиси Эммануэль Макрон Франциядаги президентлик сайловларининг 2-босқичида 65,82 фоиз овоз билан ғалаба қилди. Бундан Франция ички ишлар вазирлиги тақдим қилган якуний маълумотлар дарак бермоқда.  

35 млн та (98,26 фоиз) бюллетень кўриб чиқилгандан кейин Макронга 20,4 млн сайловчи овоз бергани маълум бўлди. 

"Миллий фронт" партияси етакчиси Марин Ле Пен 10,6 млн (34,18 фоиз) овоз тўплади ва ўз отаси Жан-Мари Ле Пеннинг натижаларини деярли 2 баробарга яхшилай олди. Жан-Мари Ле Пен 2002 йилги президентлик сайловларида 5,5 млн французнинг овозини олиб, Жак Ширакка мағлуб бўлганди.   

Жорий сайловларда 3 млн француз норозилик сифатида ҳеч қайси бир номзодни танламаган, 1 млн та бюллетень эса бузиб қўйилган.

Ле Пен мамлакатнинг 101 департаментидан бор-йўғи 2 тасидагина ғалаба қозона олди. У Па-де-Кале департаментида 52,04 фоиз, Энада эса 52,91 фоиз овоз тўплай олган. Қолган барча департаментларда Макрон етакчилик қилган.