Германиянинг Карлсруэ шаҳридаги Баден ери музейидан 1,2 млн долларлик тиллақош (диадема) ўғирлаб кетилди. Тиллақош 367 та олмос ва платина билан безалган бўлган, деб маълум қилинди полицияда. 

Тиллақош "Тахтлар зали" музейидаги ёпиқ витринадан ўғирланган. ДПА ахборот агентлиги маълумотларига кўра, витрина қулфи бузилмаган, сигнализация ишлаган-ишламагани ҳозирча номаълум. 

Таъкидланишича, музей ходимлари қимматбаҳо экспонат ғойиб бўлганини дарҳол сезишмаган. Улар полицияга 29 апрелдагина мурожаат қилишган, ўғирлик содир этилган сана эса ҳозирча ўрнатилмаган.

Тиллақош Баденнинг охирги герцогиняси Хильда фон Баденга тегишли бўлган. Тиллақош 20-аср бошларида яратилган.