Шотландиянинг Абердин шаҳрида ўтаётган замонавий санъат кўргазмаси ташкилотчилари ташриф буюрувчилар томонидан қолдириб кетилган ананасни экспонат деб ўйлаб, унинг устидан  ойнаванд витрина қўйишди. Бу ҳақда Daily Mail нашри хабар бермоқда.  

Нашр маълумотларига кўра, Роберт Гордон номидаги университетнинг 22 ёшли талабаси Руиари Грей дўстлари билан кўргазмага келган одамлар устидан ҳазил қилиб, бўш стол устига ананасни қўйиб кетган. Улар бир неча кундан сўнг яна кўргазмага келиб, ананас витринага жойлаб қўйилганини кўришган. "Мен ананас столда қанча узоқ қолиши ва одамлар уни санъат деб қабул қилиш-қилмасликларини текширмоқчи бўлгандим", деб айтган пранкернинг ўзи нашрга.

Грейнинг дўстларидан бири ўзининг твиттер-аккаунтида витринага жойланган ананас суратини чоп этган ва унга "Ўтган ҳафтада биз ананасни дисплей ёнида қолдириб кетгандик, бугун эса у витринага жойлаб қўйилганини кўрдик. Ажойиб", деб изоҳ қолдирган.

Ўтган йил май ойида икки америкалик пранкер замонавий санъат кўргазмаси ўтаётган музей полида кўзойнак ташлаб кетишган ва у ташриф буюрувчилар томондан санъат асари сифатида қабул қилинган.