Франциянинг янги сайланган президенти Эммануэль Макрон ўзининг илк давлат ташрифини Германияга амалга оширади. Буни “Демократик ҳаракат” партияси вакили ва евродепутат, “Олға” ҳаракати етакчисини қўллаб-қувватловчи Сильви Гулар CNews телеканали эфирида тасдиқлади.

"Эммануэль Макрон президент сифатидаги илк ташрифини Германияга амалга оширади", - деди Гулар.

Макрон сайловолди кампанияси вақтида сайловларда ғалаба қозонса, ўз ташқи сиёсий фаолиятини айнан шундай қадам билан бошлаши ҳақида бир неча бора айтиб ўтганди. Эммануэль Макрон якшанба куни, сайлов натижалари эълон қилинганидан сўнг Германия канцлери Ангела Меркель билан телефон орқали мулоқот қилган. Унинг ҳаракати вакилларининг маълум қилишича, суҳбат “жуда илиқ тарзда” ўтган.

France-Presse агентлиги маълумотига кўра эса, Макроннинг Берлинга ташрифи “қисқа муддатли” бўлади.