Эммануэль Макрон Франциядаги президентлик сайловларида ғолиб чиқиб, Европа иттифоқидан чиқиш бўйича режалар ва мусулмон давлатлардан бўлганларнинг ҳукумат тепасига “ультраўнглар” келиши мумкинлиги борасидаги ташвишини йўққа чиқарди. Араб ОАВда овоз бериш якунларидан сўнг айнан шу масала бош мавзуга айланди.

Лондонда чиқарилувчи Саудиянинг “Ал-Ҳаёт” газетаси Макроннинг сайловдаги ғалабасини - “Европадан бўлган номзоднинг” ғалабаси, деб атади. Нашр журналистининг сўзларига кўра, Брюссель аввалдан ёш сиёсатчининг ғалабасига умид қилган, сабаби “Миллий фронт” партиясидан номзод Марин Ле Пен “Франция чегарасини қулфлаб қўйиш” билан таҳдид қилганди. Нашрнинг фикрича, Макрон муваффақияти, Буюк Британиянинг ЕИдан чиқишидан сўнг интеграция йўлини танқид қилганларга жавоб бўлди.

Саудиянинг бошқа бир газетаси - "Аш-Шарқ Ал-Аусат" ҳам Франциядаги сайловларга бағишланган мақола эълон қилди.

"Франция Макронни танлаб, популизмни рад этди ва Европа Иттифоқида қолиш истагида эканини маълум қилди. Ле Пенда айнан иттифоқдан чиқиш ҳаракати бўлганди", - дейилади нашр мақоласида.

“Ультраўнгларнинг” Европада ҳукумат тепасига келиши таҳдиди

“Ал-Жазира” телеканали сайтида эса Макроннинг ғалабаси борасидаги янгилик тагида қолдирилган изоҳларда Европада “ультраўнг” сиёсий партиялар кучайиб кетаётгани борасида ташвишлар билдирилган.

"Бу Европа ва дунёда ўнг экстремистларнинг популистик сафсатабозлиги ва ирқчилигига якун", - дея ёзган сайт ўқувчиларидан бири.

"Макрон – молиявий элиталар, банклар ва компаниялар вакили, у камбағалларга ҳеч нарса бермайди, бироқ бу Ле Пендан яхшироқ", - дея жавоб қайтарган Қатар телеканали сайтининг бошқа бир фойдаланувчиси.

Байрут универсиети профессори Али Муроднинг сўзларига кўра, Франциядаги сайловлар араблар учун АҚШдаги сайловлардан сўнг иккинчи ўринда туради. Унинг айтишича, Францияда рўй бераётган барча воқеа-ҳодисалар Европадаги бошқа давлатларга ҳам таъсир кўрсатиши мумкин, “араб ва ислом мамлакатларидан чиққанларда эса ўнг радикалларнинг бутун Европа бўйлаб ҳукумат тепасига келиши борасида хавотир бор”.

"Менинг фикримча, “Миллий фронт” партиясидан бўлган номзод Марин Ле Пеннинг овоз беришнинг иккинчи турига ўтиши араб мамлакатларидан бўлган фуқароларда ҳақиқий ташвишга сабаб бўлди, улар сиёсий масалалар билан кўпроқ қизиқа бошладилар", - дея айтиб ўтган сиёсатшунос.

Франция Макрон пайтида мустамлакачилик жиноятлари учун узр сўраши мумкин

Франциядаги ҳодисаларни араб Мағрибидаги ушбу мамлакатнинг аввалги мустамлака ҳудудлари бўлган қатор давлатларда диққат билан кузатиб боришди. Уларни анъанавий равишда Парижнинг истило йилларидаги жиноятлар учун расман узр сўраши қизиқтиради. Хусусан, Жазоирнинг “Аш-Шуруқ” газетасида тунислик сиёсатшунос Риёз ас-Сайдавийнинг маълум қилишича, сайланган “Франция президенти ўз мамлакати мустамлакачилик даврида қилган ишлари учун сўраши мумкин”.

"Тарих ва мустамлакачиликка келсак, бу инсон (Макрон) аввалгисидан (Франция президенти Франсуа Олланд) анча жасоратлидек бўлиб туюлмоқда. Мустамлакачилик масаласи рамзийдир, Франция президенти мамлакат мустамлакачилик даврида қилган ишлари учун сўраши мумкин", - деган Женевадаги сиёсат ва жамиятшуносликни ўрганиш бўйича араб маркази директори ас-Сайдавий.

Лондон университети профессори Фаваз Жоржеснинг фикрича, Макронни президентлик лавозимида оғир чақириқлар кутиб турибди.

"Биринчи навбатда, французларнинг 24 миллиони унга овоз бермади. У сиёсий ҳаётни қайта йўлга қўйиши, иқтисодиётни тиклаши лозим. Франция катта иқтисодий ва жамоатчилик чақириқларига дуч келган. Бу сайловлар француз жамиятида чуқур иккига ажралиш юз берганидан далолат", - дея айтиб ўтди эксперт “Ал-Ғод” араб телеканали эфирида.

Ташқи сиёсий усуллар кескин ўзгармайди

Байрут университети профессори Али Муроднинг фикрича, Макроннинг Сурия бўйича позицияси амалдаги давлат раҳбари Олланднинг позициясидан камроқ тамтароқли бўлади.

"Сурияга нисбатан Франсуа Олланд томонидан танланган йўл сақлаб қолинади. Бироқ Макрон унга камроқ эътибор қаратади ҳамда унинг позицияси Сурия можаросига нисбатан анча холис кўриниш олади", - дея айтиб ўтган сиёсатшунос.

Париждаги Америка университети профессори Зиёд Мажиднинг фикрича, Россияга нисбатан ҳам Макрон Франсуа Олланднинг курсидан четга чиқмайди ва муносабатлар мураккаб бўлиб қолади.

"Россия билан муносабатларга келсак, Макрон бу ерда Олланд томонидан танланган сиёсатни олиб боради, яъни муносабатлар эскича – мураккаб ва нодўстона бўлиб қолади", - дея ҳисоблайди сиёсатшунос.

Расмий табриклар

Франциянинг янги сайланган раҳбарини Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги энг муҳим ва йирик давлатлардан бири – Миср етакчиси табриклади. Абдул Фаттоҳ ас-Сисийнинг ўз табрик хатида таъкидлашича, “Франция-Миср муносабатлари чуқур ва кучли” ҳамда Елисей саройининг янги эгаси билан “икки мамлакатнинг турли соҳалардаги мустаҳкам ҳамкорлигини кучайтириш ва янада ривожлантириш” бўйича иш бошлашга тайёр экан.

Шунингдек Макронни сайловдаги ғалаба билан Марокаш қироли Муҳаммад VI ҳам қутлади.