Умумхалқ байрами бўлмиш 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан талабалар томонидан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фахрийларининг уйларига бориб, уларнинг ҳолидан хабар олиш эзгу анъанага айланган. Бу йил ҳам ана шу анъана давом эттирилмоқда. 

Бугун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг бир гуруҳ ходимлари табаррук 95 ёшни қаршилаган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, ҳарбий учувчи, иқтисод фанлари доктори, профессор, хизмат кўрсатган фан арбоби Мухтор Расулов ва у кишининг турмуш ўртоқлари Санобар Расуловалар хонадонида меҳмон бўлдилар. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси Кун.uz’га хабар бермоқда.

Вазирлик ходимлари Мухтор Расуловнинг Иккинчи жаҳон урушидаги қаҳрамонликлари, Ватан ҳимоясидаги тенгсиз жасорати учун миннатдорчилик билдирдилар. Бундан ташқари, олимнинг олий таълим тизимига қўшган улкан ҳиссаси ва кўп йиллик меҳнатини алоҳида эътироф этдилар.

Иккинчи жаҳон урушидан аввалги очарчилик йилларидан бошланган суҳбат бугунги доруломон кунларга боғланиб кетди. Устоз Мухтор Расулов ёш авлодни мустақиллик ва бундай омон-омон кунларнинг қадрига етишга ўргатиш лозимлигини қайта-қайта таъкидладилар. Бу ишга ҳозир ҳам, бундан кейин ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишга тайёр эканини уқтирдилар.

- Санобархон билан илк марта педагогика билим юртида ўқиб юрган кезларимда учрашганман. Ўшанда дадам Тошкентга келиб, менга ёрдам бериб турадиган одам борлигини айтган. Мени етаклаб ўша одамникига олиб борган. Санобар ўша одамнинг қизи экан. Ўша пайтдаёқ юрагим жиз этган эди, – дейди Мухтор Расулов 72 йилдан бери биргаликда умргузаронлик қилиб келаётган 90 ёшли турмуш ўртоқлари ҳақида.
Меҳмонларнинг “Бизга ҳам 95 ёшга киришнинг йўлларини айтиб беринг”, деган сўровига“Албатта, энг аввало, истаймизми, йўқми, узоқ яшашнинг сири бу – меҳнат! Менинг соҳам бўйича айтишадики, ижод. Тўхтовсиз ижод қилиш. Мен 95 йиллик умримнинг қарийб 50 йилини олий таълим тизимида ўтказганман.

Кейин тўғри турмуш, тўғри яшай билиш, меъёрида муомала қилиш, меъёр билан ишлаш. Ҳар бир нарсага очиқкўнгиллилик  билан ёндашиш. Яна энг муҳим нарса – қайғурмаслик”, дея жавоб қайтарди устоз.

- Мустақиллик Сизнинг ҳаётингизга қандай ўзгаришлар олиб келди?– деган саволга кўкрагига 27 та шода-шода медаль таққан Мухтор Расулов шундай жавоб берди:

- Мустақиллик мен учун том маънодаги катта бахт! Бугунгача бўлган 95 йиллик умримнинг мустақилликкача бўлган даври билан мустақилликка эришилгандан кейинги даврини тарози палласига қўйсак, кейинги 26 йил босиб кетиши аниқ. Чунки, мана, 92 ёшга кирдим. Охирги 22 йил давомида 70 ёшимгача кўрмаган яхши кунларни кўрдим. Асосийси, дилимда армон қолмади.

Президентимиз ва ҳукуматимиз бизга нафақат 9 май арафасида, балки йил давомида жуда катта эътибор билан қараётганидан чексиз миннатдормиз. Илоё, биз кўрган ёмон кунларни фарзандларимиз асло кўрмасин”.

Яна бир янгилик. Куни кеча Мухтор Расуловга Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шахсий табрикномаси етказилди. Устоз бундан бахтли ва қувончли кун бўлмаганини айтиб, Президентимиз ҳақига узоқ ва давомли дуо қилдилар.

Вазирлик аппарати ходимлари томонидан жорий йилнинг 12 май кунига қадар мана шундай ташрифлар давом эттирлади.