“Олмалиқ КМК” комбинати идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш хизмати ходими Мираброр Йўлчиев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) аввал ҳам икки марта судланган экан. Бу шахс ҳар қандай муаммони ҳал қилишга ваъда берадиган уддабурон эди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Кунларнинг бирида унинг тузоғига қайнота-куёв илинди. Куёви ишсиз юрганидан истиҳола қилган Каримжон Абдиевнинг кўзига М.Йўлчиев нажот фариштасидай кўринди. К.Абдиевнинг куёвини Мираброр “Олмалиқ КМК” АЖнинг идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш хизматига ишга жойлаб қўядиган бўлди. Албатта, бу иш шунчаки “раҳмат” эвазига эмасди.

Қайнота бу ишни амалга ошириш учун Мираброрга талаб қилинган 900 АҚШ долларини тутқазди. Пулни олган “ҳожатбарор” эса одатдагидай йўл тутди. Телефон ўчирилиб, "хизмат доирасидан ташқарида", дея жавоб берадиган бўлди. Ишнинг натижаси юзма-юз кўришилиб, сўралганда эса, Мираброр корхонада ишга қабул бўлмаётганлигини, масала тез орада ҳал бўлишини айтиб, баҳоналар қилиб юраверди. Кутавериб чарчаган қайнота-куёвда тегишли жойга ариза беришдан бошқа чора қолмади.

Жиноят ишлари бўйича Олмалиқ шаҳар суди фирибгарликни касб қилган М.Йўлчиевга нисбатан қонуний жазо тайинлади.