Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Эммануэль Макронни бўлиб ўтган сайловлардаги ишончли ғалабаси ва Франция Республикаси президенти этиб сайлангани билан табриклади.

Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати томонидан келтирилишича, давлат раҳбари Макронга йўллаган мактубида "ушбу юқори ва масъулиятли лавозимидаги фаолияти ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик ва ишонч тамойилларига асосланган анъанавий ва сермаҳсул Ўзбекистон-Франция ҳамкорлигини янада ривожлантиришга йўналтирилади", дея ишонч билдирилган.

Шавкат Мирзиёев янги сайланган президентга мустаҳкам соғлиқ ва улкан зафарлар, дўст Франция халқига эса хотиржамлик ҳамда фаровонлик тилаган.