Туркия Курдистон Ишчилар партияси (КИП)га қарши курашиш мақсадида Эрон билан чегарасида девор қурадиган бўлди. Бу ҳақида мамлакат расмийларига асосланиб, Hürriyet Daily News газетаси хабар берди

"КИП Эроннинг Туркия билан чегарадош ҳудудларида кўплаб лагерларига эга. Бу лагерларда 800-1000 нафар курд жангарилари жойлашган", - дейилади хабарда. Нашр манбасига кўра, жангарилар чегарани ошиб ўтиб, Туркия ҳудудида турли ҳужумларни амалга оширмоқда ва "ортга қайтмоқда". 

Газета маълумотларига кўра, чегарадаги девор узунлиги 70 километрдан иборат бўлади. Чегаранинг қолган қисмида қўриқловчи миноралар қуриш, металл тўсиқлар ва прожекторлар ўрнатиш режалаштирилмоқда. 

Жорий йилнинг 25 апрель куни Туркия ҳарбий-ҳаво кучлари Сурия-Ироқ чегарасидаги курдлар позицияларига зарбалар берган. Операция давомида КИПнинг барча объектлари йўқ қилинган.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған зарурат туғилган тақдирда, Ироқ ва Суриядаги курд мухолифати позицияларига янги зарбалар берилиши мумкинлигини айтган. Бундан ташқари, Туркия давлат раҳбари Ғарб мамлакатлари, хусусан АҚШни курдларни қўллаб-қувватлашни тўхтатишга чақирди.