БМТнинг душанба куни берган маълумотига кўра, Жанубий Судандаги уруш ва зўравонлик туфайли миллиондан зиёд бола мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган. Daily Sabah шу ҳақида хабар берди.

БМТнинг болалар бўлими ҳисобланган ЮНИСЕФнинг матбуот анжуманида таъкидланишича, 2013 йилда мамлакатда фуқаролик уруши бошланганидан сўнг қўшни Эфиопия, Кения ва Угандадаги қочқинлар лагерларига қочган 1,8 миллион кишининг 62 фоизи болалардан иборат.

Бундан ташқари, яна 1,4 миллион бола Судан жанубидаги лагерларда яшайди. 

"Миллат келажаги ҳақиқатда хавф остида", - дейди ЮНИСЕФдан Лейла Паккала. 

"Жанубий Судандаги ҳар бешинчи боланинг ўз уйини тарк этишга мажбур бўлиши бу урушнинг мамлакат учун нақадар ҳалокатли эканини кўрсатади", - деди у. 

Жанубий Судан 2011 йилда мустақилликни қўлга киритган, бироқ икки йилдан сўнг янги можаро авж олган - президент Сальва Киир ўзининг собиқ депутати Рик Мачарни ҳарбий тўнтарув режалаштиришда айблаган.

Уруш кенг тарқалиб, мамлакатни этник белгилар бўйича ажратган ва баъзи ҳудудларда очлик юзага келишига сабаб бўлган.

"Бугунги кунда қочқинлар билан боғлиқ ҳеч бир инқироз мени Жанубий Суданчалик ташвишга солмаяпти", - деди ЮНИСЕФ ходими Валентин Тапсоба. 

Шунингдек у давомли зиддият натижасида ўн минглаб киши, шу жумладан мингдан зиёд болалар ўлдирилганини  қўшимча қилди.

ЮНИСЕФ жанубий суданлик болаларга ёрдам кўрсатиш учун зарур 782 миллион долларнинг 181 миллион доллари йиғилганини маълум қилган.