АҚШ президенти Дональд Трампнинг маслаҳатчилари Афғонистондаги ҳарбий кампания стратегиясини ўзгартиришни таклиф этишмоқда. Бунинг натижасида республикадаги ҳарбий контингент уч минг кишига оширилади ва Пентагоннинг “Толибон” жангариларига авиазарба бериш бўйича ваколатлари кенгаяди. Бу ҳақда The Washington Post газетаси хабар тарқатди.

Нашр манбаларининг айтишича, Афғонистонда айни дамда бўлиб турган 8,4 минг ҳарбий хизматчи сафига яна камида уч мингни қўшиш таклиф этилган. Бундан ташқари, агарда лойиҳа тасдиқланса, Пентагон амалдорлари мамлакатдаги америкалик ҳарбийлар сонини ўзларини ҳал қилишлари мумкин бўлади.

Аввалги президент Барак Обама маъмурияти томонидан жанговар ҳудудларда АҚШдан бўлган ҳарбий маслаҳатчиларнинг ҳаракатига доир чекловлар ҳам бекор қилиниши мумкин.

Бундан ташқари, Пентагон “Толибон”га қарши авиация қўллаш бўйича ўз ваколатларини кенгайтириши эҳтимолга яқин.

Лойиҳага АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Герберт Макмастер муаллифлик қилди. Трамп бу борадаги позициясини ҳозирча билдиргани йўқ. WP маълумотига кўра, Оқ уйда “Толибон”га ҳаракат етакчиларини музокаралар столига ўтказиш учун босим кўрсатишга қарши чиқаётганлар ҳам бор.

Маълумот учун, айни дамда Афғонистонда тахминан 8,5 минг америкалик ҳарбийлар бор.