9 май куни Осиё чемпионлар лигасининг 6-туридан ўрин олган «Ал-Аҳли» (Дубай) ва «Локомотив» жамолари учрашуви олдидан «Локомотив» бош мураббийи Андрей Микляев ўз фикрларини билдириб ўтди.

«Эртага иккала жамоани ҳам қизиқарли ва муҳим баҳс кутмоқда. Бу ўйинда гуруҳдан чиқишимиз масаласи ҳал бўлади. Бизни фақат ғалаба қониқтиради. «Ал-Аҳли»га эса дуранг ҳам етарли. Ўйлайманки, эртанги беллашувда жамоамиз чиройли ўйин кўрсатган ҳолда ғалаба қозонади ва гуруҳдан чиқади.

Олдимизга бу йил Чемпионлар лигасида қўйилган вазифа — аввало гуруҳдан чиқиш. Биз ўтган йил чорак финалга қадар етиб боргандик, ўйлайманки, гуруҳдан чиқ олсак, бу йил ҳам шу натижани такрорлай оламиз.

ОЧЛда ҳар бир ўйин босим остида ўтади ва эртанги учрашув ҳам бундан холи эмас. Сафимизда 20 нафар яхши футболчи бор ва улар бир-бирларининг ўрнини тўлдира олишади» - дея гапириб ўтган Микляев.

Шунингдек жамоа ҳимоячиси Муҳаммад Коне ҳам учрашувга тўхтала туриб, ўз фикрларини айтган.

«Фақат ғалабани кўзлаб ҳаракат қиламиз. Бизга бу ўйиндаги ютуқ жуда зарур. Бунинг учун ҳавонинг жуда иссиқлиги ҳам таъсир ўтказмаслиги керак. «Ал-Аҳли» кучли жамоа, лекин уларни Тошкентда мағлуб этганмиз. Эртага ҳам шу натижани такрорлашга ҳаракат қиламиз» - дея Коненинг сўзларини келтиради «Локомотив» расмий сайти.